Ушбу давр мобайнида хориждан олиб кирилиб, божхона тўловларидан имтиёз асосида расмийлаштирилган транспорт воситаларининг берилган божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида, фуқаро Е.Д., Т.Ж., Р.Ж. ва Г.Ў. бошқарувидаги ғишт ортилган “Камаз” русумли юк автотранспорт воситалари тўхтатилиб, ҳужжатлари ўрганилганида мазкур автотранспорт воситалари аслида “ўриндиқли тягач” бўлишига қарамасдан, ўзбошимчалик билан “самосвал” яъни ўзи кўтариб туширадиган юк автотранспорт воситасига айлантирилиб фойдаланилаётганлиги маълум бўлди.
Натижада аниқланган 3та ҳолат бўйича 255 миллион cўм божхона тўловлари ундирилди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 22-моддаси “а” бандига асосан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилган товар ва транспорт воситалари фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган, шартли чиқариб юборилган товарлар бўлиб ҳисобланади. Мазкур модданинг иккинчи қисмида, шартли чиқариб юборилган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши мумкинлиги, ушбу товарлардан улар нима мақсадда шартли чиқарилган бўлса, фақат ўша мақсадда фойдаланилиши лозимлиги ҳамда божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар тўланган тақдирда шартли чиқариб юборилган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилиши қайд этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Юлдуз Кудиярова
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
Элёр Хўжамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма прокурори
19.09.2020