Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шунга қарамай иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак бериш, шунингдек пандемия сабабли келиб чиқаётган салбий таъсирларни олдини олиш ва юмшатиш мақсадида ҳозирда мамлакатимизда бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ислоҳотлар эса ўз навбатида божхона органлари тизимида ҳам давом этмоқда. Жумладан, пандемия шароитида божхона ходимлари томонидан экспорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда. Республикамиз чегара божхона постлари орқали эса товарлар ҳаракати узлуксиз давом этмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сон Фармони билан экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилган бўлиб, айни вақтда мазкур Ишчи гуруҳ аъзолари Андижон вилоятида саноатни жадал ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни қамраб олган “саноат кластерлари”ни ташкил қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал қилиш ва қўшимча заҳираларни сафарбар этиш каби бир қатор амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ўрганиб чиқмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган Фармон билан Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М. Салиев зиммасига мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, ушбу йўналишга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланган.
Иқтисодиётнинг асосий сектори бўлган тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари бир қатор корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Хусусан, Андижон шаҳарда жойлашган “OILDRILL” МЧЖда бўлиб ўтган учрашувда ҳам асосий эътибор тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида, хусусан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишида тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилди.
Учрашув чоғида корхона раҳбариятига бугунги кунда божхона соҳасида тадбиркорлар учун яртилган қулайликлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур корхона ҳозирги кунда нефть қазиб олишда ишлатиладиган метал қувурларни ишлаб чиқариш, махсус асбоб ускуналарни қайта таъмирлашга ихтисослашган бўлиб, жорий йил октябрь ойидан ишга туширилиши, шу билан бирга корхонада 100га яқин янги ишчи ўрни яратилиши кутилмоқда.
Вилоятдаги тадбиркорлар билан учрашувлар давом этмоқда.
18.09.2020