Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил – ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир
1769
Тил – ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди.
Тил – ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинди. Бош Қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгилаб қўйилган.

2020 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлади. Мазкур сана Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига кўра, жорий йилда илк маротаба кенг миқёсда байрам сифатида нишонланиши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан республикамиздаги турли ташкилотлар, вазирликлар ва идоралар томонидан жойларда, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари бошлаб юборилган.

Жумладан, Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 241-сонли умумтаълим мактабида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан она тилим” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, мазкур тадбирга мактабнинг рус тилида таълим олаётган бошланғич синф ўқувчилари фаоллик кўрсатишди. Бу эса юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг ўзбек тилига ва Она Ватанга бўлган ҳурматини намоён қилади.

Тадбирда Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустам Хабибов ва бошқарма ходими Зариф Сувоновлар болажонлар билан самимий мулоқот ўтказишди.

Эртамиз эгаларига ўзбек тилининг тарихи ҳамда буюк алломаларимизнинг тилимиз ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда ўтказилган қизиқарли викторина ва савол-жавоблар болажонлар учун тадбирнинг янада қизиқарли ва эсда қоларли бўлишига хизмат қилди.

Викторинадаги энг билағон болажонларга эса божхона ходимлари томонидан турли эсдалик китоблар совға қилинди.

18.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг