Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилди.
Фармон билан тадсиқланган “2020 — 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш” Концепциясида божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш мақсадида Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги қайта кўриб чиқилган Киото конвенциясига қўшилиш зарурлиги қайд этилган.
Лойиҳа ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан қизғин кутиб олинди ва улар томонидан ижобий фикрлар билдирилган.
Таъкидлаш жоизки, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган мазкур Конвенциянинг янги таҳрири 2006 йил 3 февралда кучга кирган.
Халқаро ҳужжатнинг 8-моддасига асосан мазкур халқаро шартнома давлатларнинг қўшилиши учун очиқ ҳисобланади.Конвенция тузилиши бўйича 3 та қисмдан ташкил топган бўлиб, Асосий матн, Бош илова ва Махсус иловаларни ўз ичига олади.
Киото конвенцияси қоидалари Жаҳон савдо ташкилоти – Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишувнинг (1994) божхона қоидалари ва тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Жумладан, Конвенцияда Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишувнинг V моддаси “Транзит эркинлиги”, VIII моддаси “Тўловлар ва расмиятчиликлар” ва шу каби бошқа моддаларида божхона қонунчилиги меъёрлари акс эттирилган.
Конвенцияга қўшилмоқчи бўлган аҳдлашувчи давлатлар унинг мажбурий характердаги Асосий матни ва Бош иловасини қабул қилишлари керак.
Махсус иловаларни қабул қилиш аҳдлашувчи томон учун мажбурий ҳисобланмайди. Аҳдлашувчи томон Махсус иловаларнинг ихтиёрий бирини ёки унинг бобларини қабул қилиши мумкин.
Ҳозирги вақтда Жаҳон божхона ташкилотига аъзо 183 та давлатдан 122 таси, шунингдек МДҲга аъзо 7 та давлатлар (Озарбайжон (2006 й.), Арманистон (2013 й.), Беларусь (2011 й.), Қозоғистон (2009 й.), Россия (2011 й.), Тожикистон (2020 й.) ва Украина (2011 й.)) мазкур Конвенцияга қўшилган.
Киото конвенцияси қоидалари, бир томондан, божхона таомилларини соддалаштириш ҳамда тезлаштириш орқали ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш, бошқа томондан, мазкур имтиёзлар давлатларнинг манфаатларига (давлат бюджетининг даромадлар қисмини тўлдириш ва ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича) зарар етказмаслигига йўналтирилган.
Конвенция унга аъзо давлатларга, ўзларининг миллий қонунчилигида божхона расмийлаштируви жараёнларини содда, тушунарли ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган қоидалар асосида шакллантириш мажбуриятини юклайди.
Киото конвенцияси қоидалари тўғридан-тўғри мажбурият юклайдиган ҳуқуқий меъёрлар шаклида эмас, балки тавсиявий характердаги стандартлар шаклида ишлаб чиқилган.
Киото Конвенцияси қоидалари аҳдлашувчи томонга ўзининг миллий қонунчилигини Конвенция стандартларига мувофиқлаштириш учун етарлича муддат тақдим этади. Конвенция аҳдлашувчи давлат учун белгиланган тегишли таомиллар бажарилгандан сўнг 3 ой муддат ўтгач кучга киради. Шундан сўнг аҳдлашувчи томон 36 ойлик (3 йил) муддатда Конвенциянинг стандарт қоидаларини ва 60 ойлик (5 йил) муддатда ўтиш даври белгиланган стандарт қоидаларини имплементация қилиши керак.
Киото конвенциясига асосан божхона қонунчилигини соддалаштириш ва уйғунлаштиришга қуйидагилар воситасида эришилади:
божхона органлари фаолиятининг шаффофлиги ва олдиндан башорат қилиш мумкинлигини таъминлаш;
товарларни декларациялаш тартиб-таомиллари ҳамда кузатув ҳужжатларини соддалаштириш ва тизимлаштириш;
ваколатли субъектлар учун божхона таомилларини соддалаштириш;
божхона органлари фаолиятида ахборот технологияларидан максимал даражада фойдаланишни таъминлаш;
қоидалар ва регламентларни бажаришни таъминлаш мақсадида божхона назоратини минималлаштириш;
божхона назоратини амалга оширишда хавфларни бошқариш тизимини қўллаш ва аудит асосида назоратни амалга ошириш;
чегарадаги бошқа назорат қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликда тадбирларни амалга ошириш;
ташқи савдо фаолияти иштирокчилари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикасининг Киото конвенциясига қўшилиш натижасида
– яқин уч йилда миллий божхона қонунчилигини такомиллаштиришнинг стратегик йўналишлари белгиланади;
– миллий иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади, чунки Ўзбекистон Республикаси божхона маъмурияти фаолиятининг Киото конвенцияси қоидаларига мувофиқлиги хорижий инвесторлар учун ишонч, барқарорлик, аниқлик ва ошкораликни таъминлайди;
– Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business”
ва транспорт ҳамда логистика хизматлари бўйича баҳоловчи индексларида (LPI) Ўзбекистон Республикасининг рейтингини оширишга хизмат килади;
– Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Шукурулло Мўминов,
Давлат божхона қўмитасининг Божхона маъмуриятчилигининг илғор
ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси бош инспектори
18.09.2020