Хусусан, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириши белгиланмоқда. Демак, жиноят иши қўзғатилиб, иш юритувга олингандан сўнг, иш кимнинг юритувида бўлса, ана шу мансабдор шахснинг ёзма рухсатисиз ваколатли органларнинг тезкор ходимлари мазкур иш доирасида иштирокчилардан бирон-бир кўринишдаги ариза, тушунтириш ёки кўрсатув олишга ҳақли бўлмайди. Бунда ёзма рухсат олинган тақдирда ҳам айбланувчи ёки судланувчининг ўзи воз кечмаган бўлса,ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддати у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Бу эса, ушлаб туриш баённомасига шахсни ушлаш вақти сифатида баённома тузилган ёки баённомани тузган мансабдор шахс истаган вақтни эмас, гумон қилинувчининг ҳақиқатда ушланган вақтини кўрсатиш лозимлигини англатади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддасига асосан, ушлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар видеоёзувлар орқали қайд этилиши белгиланган. Бунда эътиборли жиҳати шундаки, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахснинг ушланиши акс этган видеоёзувда қайд этилган вақт ушлаб туриш баённомасига мувофиқ келиши, видеотасвирга олиш воситасининг вақтни тўғри кўрсатиб туришини таъминлаш лозим бўлади.
Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида диққатга сазовор ўзгариш сифатида шуни қабул қилиш мумкинки, эндиликда “шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш” бўйича топшириқ берилган. Ҳар қандай шахс ушлангандан сўнг ёки унга нисбатан тезкор тадбир амалга оширилгандан кейин, ёхуд унга нисбатан бирон-бир жиноят юзасидан гумонланувчи сифатида жалб қилиш тўғрисида қарор мавжудлиги маълум қилинганда, шахс ўзининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдалана олмаслиги ёки бунга руҳан тайёр бўлмаслиги мумкин. Шахснинг қўрқув ва руҳий босим остида қолиши натижасида адолат ва ҳақиқатни қарор топиши учун зарур бўлган маълумот ва далиллар нотўғри ўзанга йўналтирилиши, жиноятнинг тўла фош этилмай қолиши, жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойили бузилишига олиб келиши мумкин. Гумон қилинувчининг адвокат билан холи учрашишининг таъминланиши эса ишнинг ҳар томонлама кўриб чиқилиши, қонунийлик ва далилларнинг мустаҳкамланиши, пировардида процессуал ҳаракатлар бўйича сифатли иш юритиш имконини беради.
Шунингдек, ушбу Фармонда айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида айрим жиноятлар бўйича “давлатнинг даъвогарлиги”ни юмшатилишига олиб келади.Ҳозирда жиноят содир қилган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилади, чин кўнгилдан пушаймон бўлади, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам беради ва келтирилган зарарни бартараф қилади, шунга қарамасдан судЎзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жазо доирасида ҳукм чиқаради. Мисол учун, эҳтиётсизлик орқасидан жиноят содир қилинган, жиноят содир этган шахс қилмишидан чиндан пушаймон, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ ёки қисман қопланган, бошқача айтганда ҳамма тақдирга рози, аммо жиноят содир этган шахсга нисбатанқонунчиликда белгиланган жазонинг юқори даражаси белгиланиши мумкин.Энди эса бундай ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузиладиган бўлса, унга нисбатан суд томонидан ўша жиноят учун белгилаб қўйилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва муддатигача жазо тайинланади.
Шу билан бирга, жиноят процессида кўрсатувларни депонентлаш тартибини жорий қилиш белгилаб қўйилди. Бу дегани жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйилади. Бу тартиб ривожланган мамлакатларнинг, ҳаттоки қўшни давлатларнинг, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг жиноят-процессуал қонунчилигида ўз аксини топган.
Келгусида ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шарт. Бу билан шахсни ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилиш ёки айблаш бошқа ҳолатлар каби енгил кўчмаслигини, етарлича далил ва асослар мавжудлигини инобатга олиш лозим бўлади. Шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахснинг эркинлигига нисбатан “осонлик” билан “биртомонлама куч”га асосланган қарорлар қабул қилинишининг, содир этилган жиноятнинг асосий ёки айрим илдизлари кўмилиб кетишининг олди олинади.
Жиноят-процессуал қонунчилигига тўлиқ риоя этиш, далилларни мустаҳкамлаш, шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминланишига эришиш йўлида суриштирувчи ва терговчилар видеотасвирга олиш воситалари билан таъминланади, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларини тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар билан жиҳозлаш, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилади.
Мазкур Фармон терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи орган сифатида божхона органлари фаолиятида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, божхона органлари томонидан ишни судга қадар юритиш давомида Фармон билан белгиланган талабларнингтуб моҳиятини англаган ҳолда ижросини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги юқорида қайд этиб ўтилган ислоҳотларни амалиётда тўғри ва тўлиқ тадбиқ этишга эътибор қаратиш лозим бўлади. Жиноятларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишдаги барча ҳаракатлардан кўзланган мақсад, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини кафолатлаш, жиноят учун жазо муқаррарлигини ҳамда давлат ва жамиятга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш, шахсга нисбатан ғайриинсоний муомала қилинишининг олдини олишбўлиши кераклигини ёдда тутиш зарур.
С.Шомирзаев
ДБҚ Божхона институти “Махсус-ҳуқуқий фанлар”
кафедраси бошлиғи
17.09.2020