Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда навбатдаги брифинг ўтказилди
3286
Барчамизга маълумки, коронавирус пандемияси қачон тугаши ҳамон жавобсиз қолмоқда, шундай экан биз ҳам ушбу пандемияга мослашиб яшашга ва ишлашга одатланишимиз зарур.
Самарқандда навбатдаги брифинг ўтказилди

Ана шундай шароитда мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан божхона органлари тизимида ҳам.

Карантин қоидаларига амал қилган ҳолда божхона ходимлари товарларнинг экспорт-импорт операцияларини тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга ошириб келмоқда. Республикамиз чегара божхона постлари орқали эса товарларнинг кириб келиши ва чиқиб кетиши 24 соат мобайнида давом этмоқда.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 8 ойи  давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган экспорт ва импорт товарларининг ташқи савдо айланмаси 811,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Мазкур даврда вилоят экспортёрлари томонидан 170,9 млн. АҚШ доллари қийматига эга товарлар 50 та давлатга экспорт қилинган.

Товарлар асосан Хитой, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Эрон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Украина, Туркманистон, Афғонистон ва Бельгия каби давлатларга экспорт қилинган.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан асосан, мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат, калава ип, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, ҳайвонлар учун озуқалар, оёқ кийимлар каби товарлар экспортга жўнатилган.

2020 йилнинг январь-август ойларида 72 та давлатдан умумий қиймати 640,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар импорти амалга оширилган.

Импорт қилинган маҳсулотларга тўхталадиган бўлсак, булар асосан технологик асбоб-ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, металл ва улардан тайёрланган буюмлар, тиббиёт ва фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда пластмасса ва ундан тайёрланган буюмларга тўғри келади.

Импорт маҳсулотлари кўпроқ Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон, Япония, Словения ва Германия каби давлатлардан олиб келинган.

Жорий йилнинг 8 ойида импорт қилинган товарлардан қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами  649,6 млрд.  сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилди. 

Шунингдек, ТИФ қатнашчиларига 1 трлн. 171,2 млрд. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган бўлиб, бу эса ўз ўрнида маҳаллий рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ушбу жараёнларга замонавий техника ва технологияларни татбиқ этиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда инновацион ғоялар устида изланишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, бугунги пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда фаолият юритиб келаётган 62 нафар тадбиркорлик субъектларига жами 161,7 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Маълумот тариқасида шуни таъкидлаш жоизки, экспорт-импорт операцияларига кетадиган вақтни янада қисқартириш ва божхона расмийлаштируви жараёнини янада соддалаштириш мақсадида божхона соҳасига жорий қилинган “Хавфни бошқариш тизими”нинг самарали фаолияти натижасида 1 та БЮДни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун ўртача 38 дақиқа вақт сарфланаётган бўлса, “импорт” божхона режимида эса бу вақт 2 соату 7 дақиқани ташкил этмоқда.

Хабарингиз бор, Президентимиз раислигида жорий йилнинг 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилган эди.

Ушбу йиғилишда божхона идораларига ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, инсон омилига чек қўйиш орқали контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларини камайтириш ҳамда товарларнинг божхона қийматини сунъий пасайтириш ҳолатлари устидан божхона назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланган эди.

Товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 344 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада жами 3 млрд. 82 млн. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 301 таси бўйича маъмурий ишлар юритилган.

Божхона органлари олдига қўйилган яна бир долзарб вазифалардан бири бу “Божхона аудити” ахборот тизимини 2021 йил 1 январдан эътиборан жорий этишдир.

Мазкур масала муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.

Фармонга биноан, божхона хизмати органларига божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланди.

“Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишга туширилиши “яширин иқтисодиёт”ни қисқатиришда ва тадбиркорларга қулайликлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Эндиликда, эркин муомалага чиқарилган товарлар доирасида божхона назоратидан кейинги текширувни амалга ошириш учун “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Божхона тизимида ҳам мазкур амалиётнинг жорий этилиши натижасида юкларни ялпи божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан воз кечилади. Яъни, “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “кўк йўлак”ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назорат амалга оширилади.

Оддий қилиб айтганда, тадбиркорлар томонидан импорт қилинган товарлар қисқа фурсатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, чиқариб юборилади. Кейинчалик “Божхона аудити” дастури таҳлил усуллари орқали хавф объектини танлаб олиб, текшириб кўриш юзасидан топшириқ беради.

Бу эса ҳалол тадбиркорларга кенг имкониятлар бериб, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни янада қисқартиради. Ва аксинча, қонунчилик талабларини бузишга уринган ноҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлақонли божхона назоратини назарда тутади. Бу эса ўз ўрнида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга ва олдини олишга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб таъкидлаб ўтамиз, Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz расмий веб-сайти орқали Сиз тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлардан хабардор бўлиб боришингиз мумкин.

 Бундан ташқари, Сизнинг божхона тизимига оид мурожаатингиз бўлса Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ёки вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” орқали боғланиш имкониятингиз мавжуд.

17.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг