Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан
2176
Сўнгги бир йилда икки мамлакат вилоятлари ўртасида 9 маротаба делегациялар алмашилди. Ишбилармонлар делегацияларининг ташрифлари доирасида вилоятлар ўртасида бизнес-форум ва кўргазмалар ўтказиш йўлга қўйилди.
Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан

Азалий дўстликнинг янги даври

Жорий йилнинг 7-9 сентябрь кунлари Тожикистон Республикасининг Суғд вилоятида Самарқанд кунлари ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг 17-18 август кунлари юртимизга амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янги босқичда давом эттириш учун кенг имкониятлар яратди.

Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.

Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида турли даражадаги делегациялар алмашувлари фаоллашди. Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа етакчи соҳаларда ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.

Мамлакатимизда Тожикистон капитали иштирокида 39 корхона фаолият кўрсатмоқда. Тожикистон ҳудудида ўзбекистонлик сармоядорлар томонидан тузилган 8 корхона мавжуд. Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес-форумлар ўтказиш яхши анъанага айланди.

Сўнгги бир йилда икки мамлакат вилоятлари ўртасида 9 маротаба делегациялар алмашилди. Ишбилармонлар делегацияларининг ташрифлари доирасида вилоятлар ўртасида бизнес-форум ва кўргазмалар ўтказиш йўлга қўйилди.

Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликка оид, жумладан, Самарқанд вилояти билан Суғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Суғд вилоятида ўтказиладиган Самарқанд кунлари доирасида икки вилоят ишбилармонларининг бизнес-форуми, бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

 “Бизнес-форум” – ҳамкорликнинг янги босқичи

Шу йилнинг апрель ойида Самарқандда Суғд вилояти тадбиркорлари иштирокида ўтказилган биринчи бизнес-форум доирасида 107 миллион долларлик 142 та ҳамкорлик шартномалари ҳамда 27 та меморандум имзоланган эди.

Икки томонлама манфаатли ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги савдо айланмаси 5,2 миллион долларни ташкил этди. Бу рақамни 2017 йилнинг мос даври билан қиёлаганимизда 38 фоиз ўсиш кўрсаткичини кўриш мумкин.

Бугунги кунда самарқандлик тадбиркорлар Тожикистонга, жумладан, Суғд вилоятига гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, минерал ва кимёвий ўғитлар, парранда-наслчилик, қишлоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда 3600 дан ортиқ саноат корхонаси, 2500 нафарга яқин ҳунармандлар фаолият кўрсатмоқда. Саноат тармоқларидан машинасозлик, енгил саноат, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари яхши ривожланган.

Суғддаги бизнес-форум ҳам Самарқандда бўлиб ўтган форумнинг мантиқий давоми сифатида икки вилоятнинг товар айланмаси ҳажмини ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. У ерда 60 нафардан ортиқ тадбиркорларимиз ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этиши кўзда тутилган.

Тарихий ҳужжат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш учун кўприк вазифасини ўтамоқда.

Вилоят ҳокимининг ушбу тарихий қарорни сўзсиз амалга ошириш мақсадида қабул қилган қарори ҳам ушбу тилакларга камарбаста бўлмоқда. Қарорда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган икки томонлама тасдиқланган битим ва эришилган келишувларни кенг кўламда амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар, савдо битимлари ва шартномалар ҳамда икки давлат ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган келишувлар ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарларига тегишли идоралар билан биргаликда Самарқанд вилояти ва Суғд вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий, фан-техника ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича битимлар имзоланишини ташкил этиш топширилди. Бунда мазкур ҳужжатларни ўз вақтида ва тўла ҳажмда амалга ошириш билан бир қаторда, томонларнинг маҳаллий ижро органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар ва органларнинг ишбилармон доира вакиллари ўртасида маҳаллий кўламдаги долзарб масалаларни ўз вақтида ва тезкор ҳал этишда ўзаро ҳаракатини амалга оширишга қаратилган учрашувларни уюштириш йўли орқали эришишни таъминлаш назарда тутиладиган бўлди.

 Маданият ва санъатимиз муштарак

Вилоятимиз ва Суғд вилояти ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳақида гапирганда илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида алоқалар йўлга қўйилаётганини таъкидлаш лозим.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам сайёҳликнинг янги йўналишларини очиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Бу борада туристик компаниялар ўртасида имзоланган 36 та шартноманинг ҳозиргача 28 таси амалиётга қаратилиб, тарихий-маданий, зиёрат, экологик ва агротуризм, автотуризм, гастрономик, соғломлаштириш-тиббиёт ҳамда маданий-маърифий туризм соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Тожикистон ҳукуматининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” миллий дастури жорий қилиниши натижасида қўшни давлат фуқароларининг дам олишлари учун арзон, қулай нархларда туристик маршрутлар дастури ишлаб чиқилиб, туризм соҳаси билан боғлиқ тадбиркорлик субъектларига чегирмалар белгиланди.

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат чегараларидаги бир қатор ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиб, икки давлат фуқароларининг ўтиб-қайтишлари учун шароит яратилган эди. Жумладан, Ургут туманидаги “Жартепа-Саразм” ўтказиш пункти ҳам фаолият кўрсата бошлади.

Виза тартибларининг соддалаштирилиши натижасида ҳар куни мингдан ортиқ киши ушбу пост орқали ўтиб-қайтмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача Самарқандга 68 мингдан ортиқ тожикистонликлар сайёҳ сифатида, 5700 нафар фуқаро эса қариндош-уруғларининг уйларига меҳмон сифатида ташриф буюрган.

 Самарқанд – кент, қанд, Суғд – муқаддас, соф дегани

“Самарқанд” сўзининг маъноси туркийча “кент”, “қанд”, яъни қишлоқ, шаҳар деб ҳисобланса, “Суғд” сўзининг мазмуни тарихий манбаларда “муқаддас” ва “соф” маънолари сифатида келтирилган.

Самарқанд вилояти аҳолисининг 7,5 фоизи тожик миллатига мансуб бўлиб, улар вилоятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда елкама-елка туриб меҳнат қилмоқдалар.

Мамлакатлар ўртасида янги чоп этилган китоблар алмашинуви ташкил қилинди. Тожик ижодкорлари асарларининг юртимизда, ўзбекча бадиий асарларнинг эса Душанбеда сотувини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Самарқанд жаҳон цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган маскандир. Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, давлат ва сиёсат арбоби Алишер Навоий ва буюк шоир ва сўфий Абдураҳмон Жомий ҳазратлари шу заминда комиллик даражасига етган.

Бу икки даҳо Самарқандга толиби илм сифатида келиб, Абдураҳмон Жомий йирик сўфий, Алишер Навоий эса мутафаккир сифатида Ҳиротга қайтишди.

Вилоятда 37 мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети фаолият кўрсатади. Шунингдек, университетнинг 6 та факультетида 25 та бакалавриатура, 2 та магистратура гуруҳида ёшлар тожик тилида сабоқ олмоқда. Бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг математика, информатика, диншунослик, тарих, педагогика ва жисмоний маданият таълим йўналишларида 20 нафарга яқин Тожикистон Республикаси фуқароларини бакалавр ва магистратурага ўқишга қабул қилиш режалаштирилмоқда.

 Адҳам ҲАЙИТОВ 

8.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг