Хусусан, Бухоро вилоятига импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарали фойдаланиш доимий мониторинг қилиниб, уларни ишга тушириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги вакили ҳамда вилоят божхона бошқармаси маъсул раҳбарлари томонидан тадбиркорларга амалий ёрдам бериш мақсадида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Пандемия даврида иқтисодиёт тармoқларини ривожлантириш ва барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида давлатимиз томонидан тадбиркорларга қатор имтиёз ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда. Биргина вилоят божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларига четдан келтирилган импорт товарлар учун 808.9 млрд. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида, 102 нафар тадбиркорлар томонидан 6,7 млн. долларлик 242 та технологик ускуналар импорт қилинган бўлиб, 72 нафар тадбиркорнинг 2 млн. 53 минг долларлик 213 та технологик ускунаси ишга туширилди ва натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, Когон туманидаги йирик инвестицион лойиҳалардан бири – “Buxoro Gypsum” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бўлиб, мазкур корхонани бунёд этишда хориждан келтирилган технологиялар учун божхона тўловларидан 12,2 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ушбу корхона асосан Туркманистон ва Тожикистон давлатларига экспортни амалга оширмоқда. Ушбу корхонада ҳозирги кунда 90 нафар иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона томонидан 962 минг доллар қийматдаги рақобатбардош гипсокартон махсулотлари хорижга экспорт қилинди.
Эътиборлиси, ҳудудларда ўтказилаётган сайёр учрашувларда пандемия даврида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган тадбиркорлик субъектлари тўлиқ қувват билан ишлаши ҳамда барқарор тушумларга эга бўлиши йўлидаги муаммо ва тўсиқлар бартараф этилишига яқиндан кўмак берилмоқда.
“Парвоз Хумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти. “Ғиждувон” эркин иқтисодий зона ҳудудида жойлашган мазкур корхона ип-калава ишлаб чиқариш фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиши учун сўнгги 2 йилда хориждан келтирилган асбоб-ускунлар учун божхона тўловларидан салкам 40 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Корхона 15 млн АҚШ долларлик маҳсулотларини 10 дан ортиқ давлатларга экспорт қилди.
Божхоначилар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги ишларни изчиллик билан давом эттиришмоқда.
15.09.2020