Аслида инсонни коинот сарварига ва гултожига айлантирган омил ҳам тилдир. Шунинг учун сўзга эътиқод, сўзга берилган таърифу тавсифлар, сўзнинг тарихий хизматига айтилган шарафлар чексиздир.
Тил миллат кўзгуси, ғурури, тафаккур манбаидир. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Бугун дунёда олти мингга яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи юзга яқини давлат тили мақомига эга. 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи борлигини эътиборга олсак, давлат тили мақомини олган шу юзга яқин тил орасида Она тилимизнинг борлигидан қанча ғурурлансак шунча оз.
Ўзбек тили ер юзидаги энг бой ва қадимий ёзма анъаналарига эга тиллардан биридир. Унинг илдизлари тарихнинг минг йилликлари қаърига бориб тақалади, ана шундай чуқур манбалардан қувват ва қудрат олади. Бу тил бугунни мозий билан, аждодларимизнинг беназир тафаккури ва тахайюли маҳсули бўлмиш ақлий ва бадиий инкишофлари билан мунтазам боғлаб турувчи қўпорилмас кўприкдир. Бу тил ўзбекнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо бойлиги, ўзлигининг ўзаги, “мен”лигининг мағзи мақомидаги муҳташам мулкидир.
Дунёдаги ҳар бир тилнинг ўзига хослиги бор. Жумладан, ўзбек тили ҳам ўзининг жозибаси билан алоҳида ажралиб туради.
Шу боис у эҳтиромли ва эътиборли она тили ҳамда мамлакатимизнинг давлат тили сифатида ривожу равнақ йўлидан бормоқда. Бугун она тилимиз маънавиятимизнинг шаклланиши ва камол топишида муҳимлиги, шу сабабли унга эътиборли бўлишни тақозо этади. Бу ўринда ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ўз даврида илгари сурган “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” ҳикматини эсга олиш жоиз. Мутафаккир умри давомида она тилнинг мавқеини кўтариш, унинг тенгсиз имкониятларини дунёга тан олдириш каби улуғ мақсад билан яшаган. Бебаҳо асарлари эса тилимизнинг бой ва бардавом бўлишига замин яратди. Ҳазрат Навоий ижод аҳлини ўз она тилини яхши билиш ва эгаллашга, уни қадрлашга, шу тилда китобхонларга манзур бўладиган асарлар яратишга ундади. Бинобарин, тилимизнинг форс-тожик, араб тилларидан кам эмаслигини, у бесарҳад ифода майдони эканлигини, ҳам бадиий, ҳам илмий асарлар яратиш учун бой ва кенг имкониятларга эга эканини намойиш қилди. Бунинг исботи тариқасида сўз санъатининг “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” ва “Лисон ут-тайр” каби ўлмас бадиий, “Мажолис ун-нафоис”, “Мезон ул-авзон” ва “Муҳокамат ул-луғатайн” каби қимматли илмий асарларини яратди. Мазкур асарлари билан шуҳрат қозонган шоир ўзи ҳақли равишда таъкидлаганидек, кенг доирага қалами ва тили билан дадил кириб борди: Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам (“Лисон ут-тайр”) Навоий тилнинг инсон ҳаётида муҳим эканлигини бетакрор сатрларга сингдиради, тилни “тафаккурнинг ифода қуролидир”, дейди. Алломанинг ижодида сўзнинг қудратига ҳам алоҳида урғу берилган. Шу боис у сўзни инсонни улуғловчи “гавҳари шариф” даражасига кўтаради. Навоий айтадики: “Кишининг кўнгли (фикри) дарёдир, сўз эса — дур, сўзловчи ғаввосдир. Дур турли хилда бўлгани каби сўз ҳам ҳар хил бўлади. Яхши сўз кишига жон бахш этади, ёмон сўз кишини ҳалок этишгача олиб боради”. Навоийнинг бадиий асарлари ўзбек адабий тилининг туганмас бойлиги ва ўзбек мумтоз адабиётининг чўққисидир.
Она тилига бениҳоя ошуфталик, уни ардоқлаган, ўзбек тилининг ривожи учун том маънода қайғурган ҳар бир ўзбек кишиси орзу-истаклари бугун мустақил юртимизда она тилига бўлган юксак эҳтиромда ўз тажассумини топди, дея оламиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тил нафақат алоқа воситаси, балки миллат маданияти, халқнинг урф-одати, турмуш тарзи, ўзлиги, кечмишидир. Она тилига шунингдек, бошқа тилларга ҳурмат эса шахснинг юксак маданияти, саводхонлиги даражасини белгилаш билан бирга, ўзаро мулоқотга, ҳурматга йўл очади.
Раҳматилла Гаипназаров
Божхона институти “Маънавият ва ёшлар тарбияси
маркази” бошлиғи
15.09.2020