Иқтисодиётнинг асосий сектори бўлган тадбиркор ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида бўлиб, қатор корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Хусусан, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган йирик экспортёр корхоналардан бири “SAM ELEKTRO SERVIS” Ўзбекистон ва Туркия қўшма корхонасига ташриф буюрди.
Корхона йилига 260 минг дона электрдуховка, 100 минг дона газ плита ва 100 минг дона дудбурон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шунингдек, корхона бугунги кунда 15 хил турда электродуховка, 10 хил турда газ плита, 5 хил турда дудбуронлар ишлаб чиқармоқда. Корхонада 200 га яқин ходим 2 сменада узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Корхона маҳсулотларнинг 40 фоизини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилмоқда.
Корхона раҳбари С.Азимов билан мулоқот ўтказилиб, бугунги кунда божхона соҳасида тадбиркорлар учун яртилган қулайликлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Маълумки, Самарқанд гиламлари сифати ва ўзига хос бичими билан дунё бозорида ўзининг харидорларига эга. Ҳозирда эркин иқтисодий зонада фаолият олиб бораётган “YEC Gilam” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқилган гиламларга талаб юқори. Мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан Ишчи гуруҳ яқиндан танишар экан, бугунги кунда корхона томонидан қиймати 528,2 минг АҚШ доллар, оғирлиги 256,0 тоннага тенг бўлган гилам ва гилам маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилинаётганлиги, корхона ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Учрашувда корхона раҳбари А.Салоҳиддинов божхона расмийлаштируви жараёнида ҳеч қандай қийинчиликлар юзага келмаётганини, аксинча, божхона ходимлари томонидан экспорт операциялари тўхтовсиз 24 соат мобайнида соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ “Urgut Mikro Metal”, “UR Jeans”, “Grand Fayz Baraka”, “Agro Dry Fruits”, “Oxalik Oltin Bog'i Mevasi” ва “Zarafshon Tekstil” МЧЖ каби ўнлаб корхоналарга ҳам ташриф буюрди.
Ташриф мобайнида корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жараёнида учраётган баъзи бир муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан сўралаётган мавзуларнинг аксарият қисми банк-кредит ҳамда мувофиқлик сертификатини олиш билан боғлиқ жараёнлар, дебитор қарздорлик ундирилиши муддатини узайтириш, хорижий ҳамкорлар билан савдо ҳажмларини тиклаш ва шартномалар тузишда амалий ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўтарилди.
Юқоридаги корхона ва ташкилотлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
И “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарияти корхоналар томонидан кўтарилган масалаларни ижобий ечим топишида яқиндан кўмак бераётган ва мунтазам равишда соҳада олиб бирилаётган ўзгаришлар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши изчил йўлга қўйилганлигини айтиб ўтиб, божхона ходимларига кўрсатилаётган амалий ёрдамлари учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Вилоятдаги тадбиркорлар билан учрашувлар давом эттирилмоқда.
15.09.2020