Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологияларини жорий қилиш, кластер усулларидан унумли фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Бугунги кунда республикамизнинг барча вилоятларидаги экспортёр корхоналар томонидан дунёнинг барча бурчакларига Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
Самарқанд вилояти ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан ҳам ҳозирги кунда ишлар қизғин давом этмоқда, корхоналар ўз маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида етиштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, етказиб бериш яъни логистика харажатлари ва қадоқлаш ишларини изчил йўлга қўйиб олишган.
Жорий йилнинг 8 ойи якуни бўйича Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи 285 та ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан жами 62 миллион АҚШ доллари қийматига эга 80,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
Товарлар асосан Хитой, Россия Федерацияси, Туркия, Ироқ, Украина, Туркманистон, Грузия, Белорусия, Қозоғистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилинган. Айни пайтда корхоналар томонидан ўз маҳсулотларини экспорт доирасини янада кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ерларимиздан олинган ҳосиллар жаҳон бозорида юқори баҳоланиши, бугун ҳеч биримизга сир эмас. Бу эса ўз мамлакатимиз экспорт салоҳияти янада юксалтиришга ундайди.
Ўз ўрнида ҳар бир корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида вилоят божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
12.09.2020