Унда йиғилганларга “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи К.Ваққосов Республикамизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ошириш, ортиқча рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, уларга янада кенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил ахборотлар берди.
Мамлакатда халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сонли Қарорининг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Ушбу қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан эътиборан янги импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 31 июлдаги 605-сонли қарори ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Мазкур қарор электрон шаклда товарларни божхонада декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш учун қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Ушбу қарорга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларациясини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 24 августдаги 684-сонли қарори бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Унга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ўзлари импорт қилган донни қайта ишлаш орқали ишлаб чиқарилган унни экспорт қилишига рухсат берилиб, бунда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан экспорт қилинадиган ун миқдори улар томонидан импорт қилинган дон миқдорининг 75 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
2020 йилнинг 1 январига қадар буғдой, қайта ишланмаган арпа, маккажўхори (ширинидан ташқари) қайта ишланмаган тариқ дон маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган божхона тўловларини тўлашдан озод этили кўрсатиб ўтилган.
Шундан сўнг, пост бошлиғи йиғилиш қатнашчиларига республикада хуқуқбузарлик ҳолатларини камайтириш, халқнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқбузарликка қарши курашишнинг мазмун-моҳиятини фуқароларга тушунтириш ва бу борада давлат органларининг профилактика соҳасидаги вазифаларини сидқидилдан бажаришга қаратилганлиги ҳақида гапириб ўтди.
Очик мулоқотда қўйилган масалалар ва божхона пости хизмат фаолиятида дуч келаётган бошқа муаммоли масалалар бўйича йиғилиш қатнашчилари ўртасида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
7.09.2018