Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар. Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди.
Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди.
Мамлакатимизнинг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди.
Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.
Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”, – деб ёзган эди. Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтиҳор қилган.
Барчамизга яхши аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.
Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
Шу ўринда бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги кунда Ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан муҳрлаб берган мазкур Қонуннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Барча соҳалар билан бирга давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларни мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатимизда яна бир муҳим қадам қўйдик. “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатини она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
12.09.2020