Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил – миллат рамзи
1455
Тил – миллат рамзи

Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...

 Абдулла Орипов

Ўзбекистон халқ шоири

 Ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлари бўлади. Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нону сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони каби бир қатор ҳуқуқий асосларнинг яратилиши она тилимизнинг нуфузи ошиб, луғавий бойишига замин яратди. Ўзбек тилининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, хорижий мамлакатларда ҳам тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқишни  кучайтирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидаги суверен давлат эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг 3-моддасида: “Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилади. Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар, шунингдек Қорақалпоғистон  Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади” – дейилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида эса, “Қорақалпоқ тили ва ўзбек тили Қорақалпоғистон Республикасининг давлат тиллари” эканлиги белгиланган.  

Бундан кўриниб турибдики, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қорақалпоқ тили билан бир қаторда ўзбек тилининг соф ва бадиийлигини сақлаб қолиш, унинг нуфузини янада ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқа давлат идора ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторида божхона органларида ҳам она тилимизнинг софлигини сақлаш, уни луғавий бойитиш, шунингдек божхона ходимларининг нутқ маданиятини янада ривожлантириш борасида қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида  ўзбек ва қорақалпоқ  тилларида тўғри ва соф ҳолда, бадиийлик мезонларига амал қилинган ҳолда иш юритилишини таъминлаш мақсадида, бошқарма ходимларининг Қорақалпоқ давлат университетида жойлашган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида “Ўзбек ва қорақалпоқ адабий тил меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек ва қорақалпоқ алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар тили ва услуби” бўйича малака ошириши курсларида ўқиб, ўз билим ва малакаларини етиштиришлари йўлга қўйилган.

Давлат тилларини ўқитиш методикаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши ҳам она тилимизнинг миллат рамзи сифатида тараққий этиши ва келажак авлодга соф ҳолда етказилишига замин яратади.

       Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси

    Ахборот хизмати

 

12.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг