Инсоннинг маънавий савияси унинг тилида, чиройли нутқида намоён бўлади. Тил миллатнинг буюк бойлиги, бебаҳо хазинаси, туганмас мулкидир. Чунки миллатнинг тарихи, унинг маданий, маънавий мероси, урф-одатлари ва анъаналари унда мужассам бўлади. Шу сабабли она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитишимиз ва авлодларга тўлиқлигича етказишимиз керак. Дарҳақиқат, тилсиз миллат ривожланмайди, тараққий этмайди.
Она тилимиз ҳақида гап кетганда мен энг аввало мактабда ўқиб юрган болалик йилларимни эсга оламан. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Устозимиз уйга вазифа қилиб Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Она тилим ўлмайди” номли шеърини ёдлаб келишимизни айтганди. Мен ўша куни уйга бориб кечаси билан ухламасдан ўша узун ва машҳур шерни ёд олганман. Эртаси куни устозимиз шеърни сўраганларида, “устоз мен айтай” деб биринчи қўлимни кўтариб айтиб бергандим. Мана орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да ушбу шер ҳали ҳануз ёдимда сақланиб келяпти. Қисқача келтириб ўтаман:
Она тилим ўлмайди
Нотиқ деди:
«Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда».
«Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!»
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.
Ким дарғазаб,
Ким ҳайрон,
Чиқиб келдилар қатор:
Данте, Шиллер ва Байрон,
Фирдавсий, Бальзак, Тагор.
«Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди».
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».
Мен ўшанда нафақат ушбу шеърни ёд олганман, балки шеърни ўқиб она тилининг нечоғлик буюк эканлигини, ўтмишда қанчадан-қанча буюк инсонлар, мутафаккирлар ўз она тилини асраб қолиш, унга содиқ бўлиш учун не-не ишларни амалга оширганликларини ва биз ҳам аждодларимизнинг бу йўлдаги фидокорона меҳнатларини давом эттиришимиз кераклигини ўша кезлардаёқ ҳис қилганман. Чунки она тили бу бизнинг эркинлигимиз, мустақиллигимиз рамзидир. Миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштирадиган восита ҳам бу она тилидир. Шундай экан, биз учун азиз маънавиятимиз кўзгуси бўлган она тилимизни асраб-авайлаш, унга содиқ қолиш ҳар бир Ватандошимизнинг муқаддас бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.
12.09.2020