Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилимиз - миллатимиз тимсоли
1247
Ҳар биримиз болалигимизда неча юз йиллар, асрлар оша, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган халқ достонлари, эртаклар-у лапарлар, ҳикматли нақлларни боболаримиз ва момоларимиз тилидан эшитиб улғайдик. Шу аснода қалбимизда жасорат, фидоийлик, она заминга меҳр-муҳаббат, элу юртга садоқат каби инсоний туйғулар шаклланди.

Она сути билан тилимиз чиқади, она тилимиз орқали Алпомишнинг мардлиги, Жалолиддиннинг ватанпарварлиги руҳиятимизни юксалтиради, Алишер Навоийнинг “Хазойин-ул маоний”си дунёқарашимизни кенгайтиради. Фурқатнинг ғазаллари элу юрт қадрини англатади. “Бобурнома”, “Ўткан кунлар” тарихимиз билан яқинлаштиради. Фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили кўп асрлар давомида дунё цивилизациясига, умумбашарий қадриятлар ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, Махмуд  Қошғарий, Ахмад Югнакий, Ҳазрати Ахмад Яссавий, Бобур Мирзо, Бобораҳим Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби буюк аллома ва адибларнинг ўлмас асарлари нафақат миллатимиз, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, инсоният маънавиятининг сарчашмаси саналади.

Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса бир қувончимизга ўн қувонч қўшди, мустақиллик шукуҳини баралла ҳис қилдик. Айниқса, "Бизнинг ёшлар, албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, деган даъвати эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиз учун ўзига хос бетакрор маънавий-аҳлоқий тарбия мактаби вазифасини ўташи тайин.

Шунингдек ушбу фармонда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомининг ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўла-тўкис жорий қилиниши учун тегишли чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган. Айтиш жоизки, бир неча ўн йиллар давомида тилимиз ривожи борасида жонлана олмаган воситалар фаол ва самарадор ҳаракатга келди. Давлатимизнинг бу борадаги ишларини жадаллаштиришга қаратилган бир қанча қарорлари ва аниқ режалари тасдиқланди, яна бир қанча режалар устида ишлар олиб борилмоқда.

  Хулоса ўрнида мамнуният билан эътироф этиш  жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан чиқарилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони миллатимизнинг ғурури ва кўзгуси ҳисобланмиш она тилимизга бўлган ҳурмат-эътиборимизни янада ошириб, унга кучли меҳр қўйиб, улуғлаш учун муносиб ҳисса қўшишга даъват этади.

 

 

11.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг