Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Давлат божхона қўмитаси ва унинг Божхона институти томонидан ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида “Адибимиз - фахримиз” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирни адабиётимиз буюк дарғалари ҳайкаллари қад ростлаган мана шу зиё майдонида ташкил этилиши, уларнинг порлоқ хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром рамзи ҳисобланади.
Шунингдек, маърифатпарвар адиб, Абдулла Қодирий хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, ижодий мактаб ҳамда Адиблар хиёбонида адибимизнинг ҳайкали қад ростлаши эзгу ишлар ифодасидир.
Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг тенгсиз гўзал образлари бутун борлиғимизни мафтун қилиб, унга оромбахш илиқлик, туганмас ҳаяжон олиб киради. Абдулла Қодирий ўзининг нурга йўғрилган беғубор ва ҳароратли ижоди билан бутун ўзбек адабиётини ўтган асрнинг биринчи чорагидаёқ юқори босқичга кўтарди. Адиб ана шу юксак чўққидан туриб, бугунги авлодларнинг миллат тақдирига, унинг шаффоф кўзгуси ҳисобланган адабиётига, бадииятига нечоғлик содиқ эканлигини ва шу билан ўзининг абадиятга дахлдорлигини қай даражада муҳрлаб қўяётганлигини кузатиб тургандек.
Тадбирда сўзга чиққанлар адибнинг ҳаёти ва ижодига шунингдек ундаги алоҳида ажралиб турадиган инсоний фазилатларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Хусусан, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бошлиғи Восид Эргашев таъкидлаб ўтганидек, ватанпарварлик сифатлари билан йўғрилган тафаккурга, дунёқарашга эга ёшлар ҳеч қачон ўз ватанига, оиласига, дўстига хиёнат қилмайди. Айниқса, эгнида давлат размлари туширилган форма кийиб, ватанга сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган ёш курсантлар учун адабиётга ошно тутиниш, миллатимиз фахри ва ғурури бўлган, юрт истиқлоли ва истиқболи учун не-не заҳматлар чекиб, истибдодга қарши курашнинг мафкуравий қалқонини шакллантириш йўлида ижод қилган мутафаккирларимиз асарларини қунт билан ўрганиш ва улардаги ғоя ва мазмунни юракларига жо этиш фавқулодда муҳим аҳамият касб этади.
Бинобарин, ҳурматли Юртбошимиз раҳбарликларида бошланган мана шундай эзгулик, маърифат ва маънавият карвони ёшларимиз онгу-шуурини ўзгартириб, ҳақиқий юрт фидоийси, ватан ҳимоячиси бўлишдек пировард манзилга етаклашига ишончимиз комил.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси ўринбосари- Ғайрат Мажидов ҳам сўз олиб, улуғ адиб Абдулла Қодирий миллатнинг зиёлиси ўлароқ, ўз даврида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ривожида фаол иштирок этганлигини, ёзувчи ижодий меросининг бир қисмини ижтимоий-сиёсий, маданий жабҳаларга муносабати акс этган публицистик асарлари ташкил этишини, Қодирийнинг кичик асарлари орасида шеър ва назмга ҳам урғу берганлигини таъкидлаб бугунги кунда ушбу шеърлари жамланиб китоб шаклида нашр этилишини айтиб ўтди.
Давлат божхона қўмитаси Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳабибулла Азизов пойтахтимизда “Адиблар хиёбони”нинг ташкил этилиши маънавий ҳаётимиздаги улкан воқеа эканлигини, ушбу хиёбонда ҳайкаллари ўрнатилган улуғ шоир ва ёзувчиларимиз, хусусан Абдулла Қодирийнинг бой маънавий мероси мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган божхона соҳаси ходимларини ватанпарварлик, ҳалоллик, хизматга ва бурчга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, Ҳазрат Навоий араб ва форс тиллари таъсиридан тозалаган Она тилимизни, Абдулла Қодирий рус, татар тиллари таъсиридан тозалаб, ўз қаҳрамонларининг ширали, бой, содда, оммавий, равон нутқлари билан дунёга кўз-кўз қилганлиги, ўзининг бой, бўёқли, содда, ифода кучи зўр ноёб асарлари орқали Она тилимизнинг буюклиги, жозибадорлиги, бойлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатларини тараннум этишга, жозибадорлиги ва фусункорлигини оширишга жасорат билан хизмат қилганлигига тўхталди.
- Абдулла Қодирий ҳақиқатни кўзларига тик қараган инсон эди. Бу зот ҳақгўйлик билан шуҳрат топди. Аммо умри давомида туҳматларга учраб, изтироблар ҳам чекди. Қодирий ижодини аҳамияти унинг миллий роман яратганлиги билангина чекланмайди. Улуғ адиб ўз романларида биринчилардан бўлиб ўзбек халқи ҳаётининг ёрқин манзараларини ҳам чизиб берди, миллий характерни мукаммал намуналарини яратди, – дея таъкидлади тадбирда иштирок этган қодирийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов.
Маърифий тадбирда иштирок этган Абдулла Қодирийнинг набираси Хуршид Абдуллаев ҳам бугунги кунда Юртбошимиз томонидан адибнинг номини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни эътироф этиб, бир умр миллат дарди билан нафас олган, миллат дарди билан ёниб яшаган милат қаҳарамонига халқимиз томонидан кўрсатилаётган эҳтиром учун Қодирийлар авлоди номидан миннатдорчилик билдирди.
Таъкидланганидек, Абдулла Қодирий ижодининг умрбоқийлиги унда миллийликнинг намоён бўлиши билан боғлиқдир. Қодирий ижодида миллийлик икки йўналишда ўз ифодасини топади. Биринчидан, адиб барча асарлари, хусусан, «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларида бадиий ниятига мавзуни ўз она юрти, она халқи тарихи, менталитетидан келиб чиқиб ифодалаш орқали эришади. Иккинчидан, мавзу, ғоя, образ ечими ислом маърифати ҳамда жадидчилик таълимотига йўғрилган ва бу эса миллийликни янада чуқурлаштирган.
Адиб XX аср янги ўзбек адабиётининг туғилиши, шаклланиши ва камолотида ана шу тамойилларни яратиш билан сўз санъатимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Қўшибгина қолмади, балки намуна, анъана сифатида мерос қилиб қолдирди. Айни шу фазилати Абдулла Қодирийни адиб сифатида буюклик шоҳсупасига кўтарди, унга барҳаётлик инъом этди. Айтиш мумкинки, янги ўзбек адабиётида эпик образ ва эпик ривоя (баён), аввало, Абдулла Қодирийдан бошланган бўлиб, бунда унинг халқ оғзаки ижоди ва ёзма мумтоз адабиётдаги поэтик тасвир шаклини, романтик ифода усулини реалистик насрга ниҳоятда табиий кўчиргани улкан кашфиёт бўлганлигини таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Божхона институти курсантлари томонидан адиб ҳаёти ва ижодига атаб битилган шеърий ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.
11.09.2020