Хусусан, бошқармада тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида вилоят ҳудудидаги тадбиркорлар билан доимий равишда учрашувлар ташкил қилиниб, мазкур учрашувлар давомида тадбиркорларга божхона соҳасидаги янгиликлар етказилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда жойларга чиққан ҳолда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу йўналишда, бошқарманинг соҳавий бўлимлари ва “Ховос” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни экспорт қилиш фаолияти билан шуғулланувчи йирик корхоналардан бири бўлган “Sirdaryo agro cluster” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ва масъул ходимлари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида, жамият раҳбарияти томонидан божхона расмийлаштируви жараёнларида яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб келинаётганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, “Sirdaryo agro cluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан тузилган шартнома доирасида жорий йил август ойида Хитой давлатидан 8 дона контейнерларда олиб келинган “Хитойда ишлаб чиқарилган қуёш иссиқхонаси” товарларини 100 та якка тартибдаги тадбиркор номига алоҳида божхона юк декларацияси расмийлаштириш бўйича корхонанинг мурожаати ижобий ҳал қилинди.
Маълумот ўрнида: Ховос туманида “ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида аҳоли бандлигини таьминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ушбу шартнома бўйича келгусида жами 10 гектар майдонда 100 та оиланинг ҳар бирига 10 сотихли майдонга иссиқхона барпо этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларида божхона расмийлаштируви бўйича юзага келган муаммоли масалаларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги ишлар бошқармада тизимли йўлга қўйилганлиги ва ижроси қатъий назоратга олинганлиги маълум қилинди..
Шу билан бирга, учрашув якунида жамият вакилларига мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 ва Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг 67 225-48-48 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишлари эслатиб ўтилди.
9.09.2020