Учрашувда вилоятда фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда вилоят санитария-карантин назорати бошқармаси ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи С.Жиянов очиб бераркан, бугунги кунда божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, божхона процедураларини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сон Фармони мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Кун тартибидаги масала бўйича Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Божхона тўловлари бўлими бошлиғи И.Аббосов сўзга чиқиб, мамлакатимизда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш ва соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш, монополияни босқичма-босқич камайтириш масалалари юзасидан қўлланилаётган имтиёзлар кўламига тўхталиб ўтди.
Хусусан, рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг 8 ойи давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 1171,22 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Тадбир давомида иштирокчиларга қабул қилинаётган янги меъёрий ҳужжат ва лойиҳалар юзасидан таклифлар, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш мақсадида корхона ва ташкилотлар томонидан улар истаган кўринишда мурожаат этишлари мумкинлиги, ўз ўрнида соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатувчи ушбу таклифлар таҳлил қилиниб умумлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши учун ДБҚга тақдим этилиши тўғрисида маълумотлар келтириб ўтилди.
Тадбиркорлик вакиллари ўз йўналишларида юзага келаётган масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилиб, барча саволларга соҳа етакчи мутахассислари томонидан батафсил жавоб олдилар.
Учрашув сўнгида божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамига ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефон”ига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
8.09.2020