Хусусан, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб қувватлаш мақсадида 10 дан ортиқ Президент Фармони ва қарорлари, шунингдек ҳуқуматнинг қарор ва фармойишлари қабул қилинди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бевосита божхона соҳасида яратилган қулайликларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Навоий” ЭИЗ дирекциясида тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Қайд этиш лозимки, “Навоий” ЭИЗ мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган биринчи эркин иқтисодий зона бўлиб, унинг умумий майдони 564 гектарга тенг. Бугунги кунга қадар мазкур ҳудудда 78 тадбиркорлик субъектлари томонидан 42 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган бўлса, 53 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши натижасида умумий ўзлаштирилган хорижий инвестиция миқдори 85 млн. АҚШ долларига етиб, 5100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Ўз навбатида биргина жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида ЭИЗ иштирокчилари томонидан қиймати 11,4 млн. АҚШ долларига тенг товарлар экспорт қилинган. Бунда асосан алюмин профиллар (7,1 млн. $), пластмасса буюмлар (3,9 млн. $), қайта ишланган писта (241минг. $) изоляцияланган кабеллар (105 минг. $), модем ва роутерлар (96 минг. $) каби товарлар Қирғизистон, Литва, Канада, Тожикистон, Россия каби жами 10 та давлатга экспорт қилинган.
Тадбир давомида пандемия даврида божхона соҳасида қабул қилинган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича йиғилганларга тушунтириш берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6005-сон Фармонига асосан, 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш бўйича йўл харитасида назарда тутилган
чора-тадбирлар бўйича маълумот берилди. Жумладан, йўл харитасида белгиланган муддатларда:
- божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилиши;
- хорижий давлатлар божхона органлари, транспорт ва экспедиторлик ташкилотлари томонидан товар ва транспорт воситаларига қўйилган идентификация воситалари қаторида товарларни ишлаб чиқарувчилар ва ушбу товарларни юборувчиларнинг идентификация воситаларини ҳам тан олиш;
- божхона иши соҳасида божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги зиддиятли вазиятларни камайтириш имконини берадиган божхона органларида низоларни судгача ҳал этиш тартибини жорий этиш;
- ваколатли иқтисодий операторларни танлаб олиш мезонлари ва тақдим этиладиган махсус қулайликларни янада такомиллаштириш режалаштирилганлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида тадбиркорлар томонидан берилган саволларга бошқарма ходимлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
8.09.2020