Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Устувор вазифалар ўз вақтида бажарилмоқда
5231
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашдек, масъулиятли даврда ҳар бир соҳа вакиллари янада фидокорлик билан иш олиб бормоқдалар. Бу иллат билан курашишга божхона ходимлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Устувор вазифалар ўз вақтида бажарилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, юкларни божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини тезлаштириш юзасидан Сирдарё вилояти божхона бошқармасида куну-тун ишлар изчил олиб борилиши давом этмоқда.

Мавжуд эпидемиологик вазиятда ташқи савдо юкларини белгиланган санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиб, давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланмоқда.

Божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиб, ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар, кўзойнак, этик ва махсус ҳимоя кийимларини кийган ҳолда хизматни олиб бормоқдалар.

Энг асосийси шуки, карантин даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, барча ҳудудлардаги озиқ-овқат дўконларини кундалик зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш, нархларнинг ошиб кетишини олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

2020 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг «Гулистон», «Сайхун» ва «Ховос» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан 9551 та  божхона  юк  декларациялари  расмийлаштирилган.

Импорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 215,5 млн. АҚШ долларини ҳамда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми  93,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Экспорт товарларининг асосий қисми мева ва сабзавотлар, пахта толаси, озиқ-овкат маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар, калава ип, фармацевтика маҳсулотлари, ҳайвонлар учун озуқалар ва керамика буюмларидан иборат.

Вилоятдан жами 21 та хорижий давлатларга маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, товарларнинг катта улуши Қозоғистон, Афғонистон, Россия, Хитой, Бангладеш ва  Украина давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Бошқарма томонидан 2020 йилнинг 1 сентябрь кунига қадар 106,68 млрд. божхона тўловлари ундирилган ва импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 420,57 млрд. сўм  миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги карантин ҳолатига қарамасдан экспорт-импорт операциялари узлуксиз  давом эттирилмоқда.

7.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг