Ислоҳотлар самарасини биргина Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида кўришимиз мумкин. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида, бошқарма томонидан 17 366 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 192,6 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип маҳсулотлари, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар ташкил этди.
Наманган вилоятида экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Украина, Германия, Польша, Италия, Португалия мамлакатларига тўғри келган бўлса, товарларнинг импорти асосан Хитой, Россия, Швецария, Туркия, Корея, Япония, Қозоғистон, Германия каби мамлакатлардан амалга оширилган.
Бошқарма томонидан 2020 йилнинг ўтган 8 ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 954,5 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 713,4 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда Давлат бюджетига 241,2 млрд. сўм ундирилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларимизга божхона органлари томонидан доимий равишда амалий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.
7.09.2020