Барқарор иқтисодиётнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтиришдир.
Бугунги кунда Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қабул қилинаётган фармон ва қарорлари тадбиркорлик субъектлари учун ўз фаолиятини янада кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш йўлида кенг имкониятларни очиб бермоқда.
Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалиб бормоқда. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун тадбиркорлик субъектлари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар, ип-калава каби кенг турдаги товарларни ишлаб чиқармоқда ва ташқи бозорларга экспорт қилмоқда.
Мана шундай корхоналардан бири Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган "Global Textile Solutions" корхонасидир.
Мазкур корхона трикотаж ва тўқув учун юқори сифатли ип маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, ўз фаолиятини 2018 йил январь ойидан бошлаган.
Ҳозирда корхонада 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Корхонанинг асосий мақсади – профессонал кадрлар тайёрлаш, юқори технология ютуқларига таянган ҳолда юқори сифатли ип маҳсулотлари ишлаб чиқаришда сўзсиз етакчиликни эгаллаш.
Корхона томонидан бир кунда 15 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 5 минг тоннадан ортиқни ташкил этади. Корхона ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда республикамизнинг серқуёш минтақаларида етиштирилган сифатли пахтадан фойдаланади. Корхона лабораториясида Швейцария давлатидан олиб келинган “USTER” номли замонавий технологиялар ўрнатилган. Етиштирилган пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш майдонига киришидан олдин мазкур лабораторияда синчковлик билан текширилади. Зотан, маҳсулот сифати корхона бизнесининг асосини ташкил этади.
Корхона ўзининг ишлаб чиқарган маҳсулотларининг 80 фоизини Туркия, Хитой, Россия, Шарқий ва Жанубий-ғарбий Европа, шунингдек Шимолий Африка мамлакатларига экспорт қилади.
Бундан ташқари, корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқаришга ҳам йўналтирилади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида корхона томонидан 7,2 млн долларлик 3 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинган. Экспортнинг асосий қисми Россия, Туркия ва Эрон давлатларининг ҳиссасига тўғри келди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “Фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва қатъий интилиш – тараққиёт ва фаровонлик омилидир”.
Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш эртанги ёрқин келажагимизнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Бу йўналишда божхона томонидан тадбиркорларга мунтазам равишда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
29.08.2020