Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт кўлами тобора кенгаймоқда
1483
Ҳозирда Жомбой туманида 2644 та корхона мавжуд. Уларнинг 39 таси қўшма корхона, 389 таси саноат йўналишидаги корхоналардир. Мазкур корхоналарда йилига 2 триллион 492 миллиард 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Пандемия туфайли фаолиятида узилиш кузатилган корхоналар ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, товарларини экспортга чиқаришни кўпайтирмоқда.

Хусусан, “Jomboy oil” масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда 9,9 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқариб, 110 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. Корхонада маҳсулотлар асосан Қозоғистондан, Россия ва Украинадан валюта ҳисобига келтирилаётган хомашёдан ишлаб чиқарилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги “Самарқанд вилоятида соя етиштириш соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Каттақўрғон, Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Пайариқ туманларида жами 15 минг гектар майдонда соя етиштиришни йўлга қўйиш ва 25 минг 500 тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Корхона Туркия, Германия, Хитой ва бошқа давлатлардан келтирилган замонавий технологиялар ёрдамида кунига 100 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона 2020 йилнинг 7 ойи давомида Афғонистонга 410 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. Ҳозирда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 19 минг тонна, умумий қиймати 13,6 миллион долларлик янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Туркия ва Хитойдан келтирилган энг замонавий ускуналар ёрдамида корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 29 минг тоннага етказилади. Лойиҳанинг ишга туширилиши билан ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга ортиб, йил якунигача 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

Тумандаги яна бир йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири “Самарқанд стандарт бизнес” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Йилига 100 дан ортиқ суюқ маҳсулотни ташишга мўлжалланган йирик ҳажмли темир идишлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур корхона 2019 йилда 100 минг долларлик экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тайёрлади. Ҳозирда республика аҳолиси эҳтиёжидан келиб чиқиб маиший газ баллонлари асосан водий вилоятида ишлаб чиқарилаётган бўлса, эндиликда мазкур корхонада янги йўналиш сифатида маиший ва транспорт воситалари учун ишлатиладиган газ баллонларини тайёрлаш лойиҳаси ҳам ишга туширилмоқда. Кейинги чоракда ишлаб чиқарилиши бошланадиган лойиҳадан корхона жамоаси йил якунигача 150 минг долларлик маҳсулотни экспортга чиқаришни режалаштирган.

Туманда саноат салоҳиятини янада ошириш учун барча шароит  ва имкониятлар етарли. Бу борада Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш, товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнини ўртача вақтини қисқартириш мақсадида 2018 йилда “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг таркибида “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари ташкил этган. Божхона ходимлари тадбиркорларни экспорт-импорт операцияларини соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказиб келишмоқда.

29.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг