Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизими такомиллашмоқда
1492
Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида сарҳисоб тариқасида ўтган давр мобайнида божхона тизимида амалга оширилган ишлар, киритилган ўзгартириш ва янгиланишлар, ташқи савдо айланмаси асосини ташкил этувчи экспорт-импорт операцияларининг амалга оширилишида жорий этилган имконият ва имтиёзлар хусусида тўхталиб ўтишни жоиз топдик.
Божхона тизими такомиллашмоқда

Ахборот технологиялари асри дея тан олинган XXI юз йиллик ўзининг етук ва замонавий технологиялари билан божхона соҳасини ҳам кенг қамраб олди. Илғор назорат техник воситалари ҳамда инсоният ақлининг етук натижаси ҳисобланувчи ахборот дастурларининг тизимга жорий этилиши, божхона назорати самарадорлигининг 3 баробаргача ошиб, унга кетадиган вақтнинг 2-5 баробаргача тежалиши билан биргаликда, божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини сезиларли камайтиришга ҳам олиб келди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона органларида жорий этилган 54 та ахборот тизимлари ва 25 та интерактив хизматлар божхона органлари хизмат самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, “электрон божхона” томон ташланган илк салмоқли қадамлардан бўлди.

Тизимда жорий этилган барча тараққиёт натижаларини ўз фаолиятида  мужассамлаштирган Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳам бугунги кунда  мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ортиши билан бир қаторда контрабанда товарлари ва божхона қонунбузилишига қарши курашишда муносиб кўрсаткичларга эришмоқда.

Хусусан, йил бошидан товарлар экспорти 194,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, бу кўрсаткич ҳудуднинг ташқи савдо айланмасининг 70,1 фоизини ташкил этади.

Божхона бошқармаси тасарруфидаги жами 3 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан йил бошидан 12 546 та божхона юк декларациялари тегишли божхона режимларига расмийлаштирилган.  

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан йил бошидан  импорт қилинган товарлар ҳисобига божхона тўловларидан давлат бюджетига 124 млрд. 261 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилди. 

Хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жами 12 546 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, улар йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, расмийлаштирилган умумий декларацияларнинг 36 фоизи, яъни 4504 таси “Яшил”,  32 фоизи яъни 3992 таси “Сариқ” ва 32 фоизи яъни 4050 таси “Қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган.

Ўтган давр мобайнида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари сони 324 тани ташкил қилиб, қиймати 5 млрд. 253 млн. сўмлик товар–моддий бойликлари ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, 8 та ҳолатда қиймати 3 млрд. 533 млн. сўмлик товар моддий бойликлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бугунгидек мустақил замонда Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, божхона органлари фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Бугун божхоначиларимиз тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнлари бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб, уларнинг ўз фаолиятларини тўсиқларсиз амалга оширишларида таянч бўлмоқда. Импорт маҳсулотларини оптималлаштириш баробарида экспортни қўллаб-қувватлаш, пировардида, давлатимиз бюджетига валюта тушумини таъминлаб, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришига эришиш – барча ислоҳотлардан кўзланган энг эзгу ният, олий мақсад  ҳамдир.

 

 

 

 

 

27.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг