Ўз навбатида, коррупцияга қарши кураш кўп қиррали мураккаб жараён бўлиб, у ўз ичига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини, балки бутун жамиятнинг иштирокини талаб этади. “Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир.
Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий етуклик кўрсаткичидир. Бундай жамиятга эса аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширмасдан туриб, ҳуқуқий таълим ва тарбияни таъминламасдан, уни амалиётда тўғри, тизимли йўлга қўймасдан туриб эришиб бўлмайди. Бундан келиб чиқиб, бу борада божхона органлари томонидан ҳам ушбу иллатга қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган «2020 — 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Фармон ижроси доирасида эндиликда, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхонани» шакллантириш, контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, коррупция, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш усуллари божхона маъмуриятчилигининг замонавий ва синовдан ўтказилган усулларини қўллашни талаб этмоқда. Шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш вазифалари юклатилди.
Божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилиниши –мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақазо этмоқда.
Энг асосийси, қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, коррупцияга қарши курашга олиб борувчи маълумот манбаи ҳамда коррупция, қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида маълумот етказувчи гувоҳлар ва шахслар ҳақида маълумотлар сир тутилишини ҳамда ходимларда коррупцияга қарши курашишда фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа тартибини жорий этиш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришимиз зарур.
Бу борада, Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 19 августдаги «Давлат божхона хизмати органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда аниқлашда кўмак кўрсатган шахсларни рағбатлантириш тўғрисида»ги тартиб ишлаб ишлаб чиқилди. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сон Фармони, 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ПҚ-2833-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 15-сон қарори талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, эндиликда ушбу буйруқ асосида давлат божхона хизмати органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда аниқлашда кўмак кўрсатган шахслар қўллаб-қувватланади.
Маълумот ўрнида, агар Сизда божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар маълум бўлса Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли «Ишонч телефони» орқали хабардор қилишингизни ҳамда Хоразм вилояти божхона бошқармасининг (62) 227-70-11 рақамли телефонларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини, қўнғироқ эгаси томонидан берилган маълумотлар сир тутилиши кафолатланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Ишонч телефонлари" орқали қабул қилиш ҳафтанинг барча кунларида 24 соат давомида узлуксиз амалга оширилади.
27.08.2020