Сирдарё вилояти божхоначилари вилоят солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан мазкур фармонларни ишлаб чиқариш корхоналарида кенг тарғиб қилиш, экспортни ривожлантириш, товарларни маҳаллийлаштириш ҳамда импортни оптималлаштириш, шу билан бирга коронавирус пандемияси даврида ишчиларга яратилган шароитлари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Шундай учрашувларнинг навбатдагиси карантин шароитида барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда фаолият кўрсатаётган «Wellfort» масъулияти чекланган жамиятида ўтказилди.
Учрашув давомида солиқ ва божхона бошқармаларининг маъсул ходимлари томонидан жамият вакилларига қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёзлар ва қулайликлар, божхона назоратини соддалаштирилиши, тўловларни кечиктириб тўлаш, шунингдек жорий йил 27 июль куни Президентимиз раислигида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
– Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда қарийб 800 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда 15 000 дан 22 000 донагача 7 хилдаги трикотаж тайёр махсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди учрашув давомида жамият раҳбари Алижон Эрматов, – коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бошқа ишлаб чиқариш корхоналар қаторида бизга ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Яқин келажакда қўшимча иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини кўпайтириш ишлари устида бир неча хорижий ҳамкорларимиз билан қўшимча шартномалар имзоланган.
Маълумот ўрнида – жамият томонидан 2019 йилда 5,1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 2 066 700 дона ва 2020 йилнинг 7 ойида 3,1 млн АҚШ доллари миқдоридаги 1 246 200 дона трикотаж тайёр маҳсулотлари Россия, Туркия, Нидерландия, Италия, Беларусь ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналари тўла қувват билан фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бирга аҳолининг бандлиги, саломатлиги ва хавфсизлигига алоҳида эътибор берилмоқда.
27.08.2020