Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони мамлакатимизда ваколатли иқтисодий операторлар институтининг жорий этилишига асос солди.
Мазкур Фармон ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги 363-сон қарорига мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида низоми тасдиқланиб, божхона маъмурчилиги соҳасидаги халқаро стандартлар талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган талабларга жавоб берадиган инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди.
Бугунги кунда республикада ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган 28 та юридик шахс божхона операцияларни амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келмоқда.
Мазкур институтнинг жорий этилиши божхона тартиб-таомилларининг янада соддалаштирилишига, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида шаклланган амалиёт ваколатли иқтисодий операторлар институтини амалиётга кенг жорий этиш борасида қуйидаги тизимли вазифаларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан:
биринчидан, ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини ташкил этиш тартибини аниқ белгилаб бериш, ваколатли иқтисодий операторларга тақдим этиладиган махсус соддалаштиришлар рўйхатини соҳага оид халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш;
иккинчидан, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлов мезонларини ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш;
учинчидан, ваколатли иқтисодий операторлар институтини соҳага оид илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш.
Бугунги кунда, божхона тартиб-таомилларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, махсус соддалаштиришлар рўйхатини ҳамда ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонларини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 24 август куни Ҳукуматнинг “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 500-сонли қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини ташкил этиш тартибини аниқ белгилаш ва махсус соддалаштиришлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутмоқда.
Шу мақсадда ушбу қарор билан Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низом тасдиқланди. Эндиликда ваколатли иқтисодий операторлар институти жаҳон стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштирилади.
Хусусан, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисидаги гувоҳномани жорий этиш, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонларини ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Муҳим ўзгаришлардан яна бири шундаки, ваколатли иқтисодий оператор мақомини эндиликда турли тоифадаги юридик шахслар олишлари мумкин.
Масалан, ҳозирга қадар ваколатли иқтисодий оператор мақоми фақатгина товарлар экспорт ва импортини амалга оширувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари олиш имкониятига эга бўлишган бўлса, эндиликда ушбу қарор билан эса ваколатли иқтисодий оператор мақомини божхона омбори эгалари, божхона брокерлари ҳамда божхона ташувчилари ҳам олишлари мумкин.
Қарордаги муҳим янгиликлардан бири сифатида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисидаги “А” ва “Б” тоифалари бекор қилинмоқда ҳамда янги кўринишдаги 3 турдаги (биринчи, иккинчи ва учинчи турдаги) гувоҳномалар жорий этилаётганини эътироф этиш мумкин.
Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонларини соддалаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 22722-моддаси иккинчи қисми чиқариб ташланди.
Ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона юк декларцияси тақдим этилгунга қадар товарларни чиқариб юбориш бўйича янги махсус соддалаштириш жорий этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ваколатли иқтисодий оператор божхона операцияларни амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун юридик шахсларга бериладиган мақом бўлиб, ундан фойдаланиш юридик шахсни ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширилади.
Гувоҳнома белгиланган шаклга мувофиқ электрон тарзда тузилади, оператор мақомини тасдиқлайди ва божхона операцияларни амалга оширишда махсус соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. У QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат ҳисобланади.
Ваколатли иқтисодий операторлар реестри - божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ва гувоҳномага эга бўлган юридик шахсларнинг рўйхати Давлат божхона қўмитаси томонидан шакллантирилади ва қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.
Низомда реестрга киритиш тўғрисида ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби, божхона операцияларни амалга ошириш учун махсус соддалаштиришлар турлари, операторларни ўзаро тан олиш, оператор мақомини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, реестрдан чиқариш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат божхона хизмати органларининг операторлар билан ўзаро ҳамкорлиги батафсил ёритилган.
Таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатли иқтисодий операторлар бўла олмайди.
Қарор 2020 йилнинг 26 ноябридан эътиборан кучга киради.
АЗИЗБЕК МУХСИНОВ,
Давлат божхона қўмитаси
Божхона маъмурчилигининг илғор
ва инновацион усулларини жорий этиш
бошқармаси бўлим бошлиғи
26.08.2020