Ҳудудда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, юқори ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар кўп. Ҳозирги кунда ушбу корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларига четдан келтирилган импорт товарлари учун қонунчиликда белгиланган талаблар асосида 666,7 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Ушбу имтиёзларни асосий қисми четдан келтирилган технологик асбоб ускуналарга қўлланилган бўлиб, хориждан олиб келинган технологик асбоб ускуналарни тўлақонли ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш натижасида жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида вилоят экспорт салмоғи сезиларли даражада ошиб 167,7 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланаётган корхоналардан бири бу вилоятнинг Косонсой туманида фаолият олиб бораётган “Баркас-Текс” масъулияти чекланган жамиятидир.
Мазкур корхонани ишга тушириш учун Туркия ва Италиядан 1,8 млн. АҚШ долларлик технологиялар келтирилган бўлиб, бунда божхона тўловларидан 2,9 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилган эди.
Имтиёзлар эса амалда ўзини оқлади. Йил бошидан буён бу ерда тайёрланган 3,9 миллион АҚШ долларлик сочиқ маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди.
Имтиёзлар аҳоли саломатлигини асраш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Наманган вилоятидаги хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланилган божхона имтиёзлари улар фаолияти ривожига туртки бермоқда.
24.08.2020