Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари “Тинчлик” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида яна бир қинғирликни ўз вақтида фош этишди.
Яъни, фуқаро Ғ.З. номига Корея давлатидан олиб келинган “Hyundai Porter II” русумли автотранспорт воситаси махсус совутиш тизими билан жиҳозланганлиги ҳужжатларда кўрсатилиб, тегишли тартибда имтиёз олиш учун божхона органларига тақдим этилган.
Автомашина божхона кўригидан ўтказилар экан, у махсус совутиш тизими билан жиҳозланмаганлиги, барчасини тадбиркор ўзи қўлбола усулда тайёрлаб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини четлаб ўтишга уринганлиги аниқланди.
Ҳозирда қиймати 155 миллион сўмлик автомашина вақтинча сақловга олиниб, юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
24.08.2020