Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқанд узумлари дунё расталарида
1711
Бугун Давлатимиз томонидан мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, истеъмолчилар талабини етиштирилаётган мева-узум маҳсулотлари ҳисобига тўла қондириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ҳам мамлакатимизда бошқа соҳалардаги каби узумчилик ҳам тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда.

Бобо деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган ўзбек узумларининг турли навларига хорижда ҳам талабгорлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Хориж мамлакати савдо дўконлари расталаридан жой олган узумларимиз қисқа фурсатларда ўз харидорларини топишини албатта қувонарли. Сабаб эса битта, узумларимизнинг мазаю-таъми, сархиллиги ва табиийлигидадир.

Шундай экан, бозорларимизда тўкинлик таъминланган айни дамда неъматларимизни бутун дунё билан баҳраманд кўриш, ташқи бозорга ҳам чиқариш ҳеч зарар қилмайди. Аксинча, деҳқону-боғбонларга фойда бўлади, зеро, экспорт кўпайса, валюта тушуми ҳам кўпаяди.

Мамлакатимиз аграр-деҳқончилик соҳасида ижобий тажриба орттирган, ўз ўрнига эга вилоятда ҳам узум  маҳсулотларини  экспорт қилиш борасида катта салоҳият ва имконият мавжуд. Экспортбоп узумларни етиштириш тобора ривожланмоқда.

Хусусан,  жорий йилнинг бугунги кунига қадар вилоятдан хорижга умумий қиймати 11 миллион АҚШ доллари бўлган вазни қарийб 9 минг тонна узум маҳсулотлари экспорт қилинган.

Бунда жонбозлик кўрсатаётган экспортчи корхоналар фаоллигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қувонарлиси шуки, ушбу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари дунё бозорларида ўз маҳсулотлари билан ўрин эгаллашмоқда.

Масалан, Самарқанд туманидаги “Сам Рин Трейд” қўшма корхонаси 2020 йил ҳосилидан четга қиймати 1,1 млн. АҚШ доллари, вазни 655 тонна, Жомбой тумани “Тўлақўрғон мевалари” фермер хўжалиги қиймати 0,7 млн. АҚШ доллари, вазни 434,5 тонна ҳамда Каттақўрғон тумани “Қоқсой савдо баракаси” МЧЖ қиймати 500 минг АҚШ доллари, вазни 289,2 тоннага тенг узум маҳсулотларини экспорт қилишган.

Маълумот тариқасида шуни айтиб ўтиш жоизки, бугун вилоятнинг 92 тага яқин корхоналари томонидан узум маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилган.

Экспорт қилинаётган узумлар кўламини давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, асосан қиймати 2,8 млн. АҚШ доллари, вазни 2 310,5 тоннага тенг Хитой, қиймати 2,2 млн. АҚШ доллари, вазни 1 381,8 тоннага тенг Туркия, қиймати 1,5 млн. АҚШ доллари, вазни 1 436,2 тоннага тенг  Россия, қиймати 1,0 млн. АҚШ доллари, вазни 1 283,0 тоннага тенг Қозоғистон ва қиймати  400 минг АҚШ доллари, вазни 265, тоннага тенг Грузия давлатлари улушига тўғри келиб, бундан ташқари яна 27 давлатнинг савдо расталаридан ўрин олмоқда.

Дарҳақиқат, она заминимиз тупроғи олтинга тенг.  Бугун қадалган уруғ эртага мўл ҳосил беради. Мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз экинлари ва узум жаҳон бозорида юқори баҳоланади, шунинг учун уларга харидор кўп. Бу эса ўз мамлакатимиз экспорт салоҳияти янада юксалтиришга ундайди, натижада янги ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳалар ишга тушиши тезлашади, иқтисодий барқарорлик таъминланади, аҳоли фаровонлиги ошади.

Ўз ўрнида ҳар бир корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

24.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг