Шу боисдан ҳам ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида товарлар, хусусан ҳозирги пишиқчилик мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда, асосан “яшил” йўлак орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Божхона постларида товарлар экспортининг божхона расмийлаштирувига ҳозирда ўртача 25-30 дақиқа сарфланмоқда, холос.
Пандемия шароитида экспорт ҳажмини ошириш ва иқтисодиётни барқарорлигини таъминлаш жуда долзарб масала. Бунда тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш ва уларни муаммоларини ҳал этиш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6042-сонли фармонига мувофиқ тасдиқланган С.Умурзаков раислигидаги Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси жойларда тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Айни шу мақсадда Давлат божхона қўмитасининг раиси ўринбосари Муталибжон Солиев бошчилигидаги божхона ходимлари Термиз туманида жойлашган “Термиз карго центр” МЧЖ ҳудида экспорт ва импорт жараёнлари билан яқиндан танишишди. Мазкур ҳудудда “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости 24 соат давомида тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатмоқда.
Бугун бутун дунёда янги узилган мева-сабзавотларга талаб кун сайин ортиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси кундан-кунга ортиб бормоқда. Биргина Сурхондарё вилояти миқёсида оладиган бўлсак жорий йилнинг 7 ойи мобайнида Афғонистон давлатига 40,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилган. Экспорт қилинган асосий маҳсулотлар мева-сабзавотлар ҳиссасига тўғри келади.
Шу боисдан, соҳа мутасаддилари дастлаб Афғонистонлик ва маҳаллий тадбиркорлар билан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда учрашув ўтказишди. Унда тадбиркорларга ҳамда инвесторларга мамлакатимизда берилган имтиёзлар ва имкониятлар хусусида ҳам сўз борди. Шунингдек, М.Солиев ўз нутқида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кўтаришда тадбиркорларнинг ўрни беқиёслиги ҳамда давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб янада экспорт географияси ва турини кенгайтириш лозимлиги ва бу борада божхона органлари ваколатлари доирасида доимо ёрдам беришини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари товарлар импортини оптималлаштириш ва импорт ўрнини тўлдирадиган товарларни ишлаб чиқаришни кучайтириш ҳам мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Учрашувда, тадбиркорлар ҳам ўз фикр мулоҳазалари ва мурожаатларини баён этишди. Жумладан, Афғонистонлик тадбиркор Жамол Носир бир кунда ўртача 500 тоннадан ортиқ Ўзбекистонда етиштирилган ловия ва мош товарларини Афғонистонга экспорт қилаётгани, товарларининг расмийлаштируви “яшил” йўлаклар орқали тез фурсатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказилаётганини таъкидлаб, мутасаддиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Жамол Носир Адлия вазирлигида 2014 йил 24 июлда рўйхатдан ўтган “Республикадан олиб чиқиб кетилиши мумкин бўлмаган биологик объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2603-сонли Низомга асосан Ўзбекистондан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган махсар уруғи маҳсулотига Афғонистонда талаб катта эканлиги, мазкур маҳсулотни катта миқдорда афғон бозорларига киритиш мумкинлигини айтиб ўтди.
Тадбиркор эндиликда вилоят ҳудудидан Афғонистонга махсар уруғи экспортини амалга оширишни ният қилаётгани ва бунда амалий кўмак бериш юзасидан божхона мутасаддиларига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат М.Солиев томонидан тингланиб, бу масала юзасидан тезда ваколатли вазирликларга хабар берилиши ва натижаси бўйича тадбиркорга хабар берилиши айтилди.
Бундан ташқари Афғонистонлик яна бир тадбиркор, Саид Қудратилло Саид Камол, Афғонистонда Ўзбекистон дори-дармонларига талаб юқори эканлиги, афғон халқи бошқа давлатлардан келтирилган дори воситаларига қараганда Ўзбекистондан келтирилган дори воситалари самарасига ишончи юқори эканлигини, пандемия даври тугагандан дори-дармон воситаларини Афғонистонга экспорт қилиш масаласида таклифларини билдирди.
М.Солиев бошчилигида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ, самимий ва конструктив руҳдаги мулоқотлар чоғида тадбиркорларга божхона соҳасидаги янги тартиботлар ҳақида маълумотлар берилиб, божхоначи-тадбиркор таянчи эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, тадбиркорларга божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, куннинг исталган вақтида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки бошқарманинг (76) 225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
24.08.2020