Шу йўналишдаги навбатдаги учрашув воҳанинг Яккабоғ туманига уюштирилди ва тумандаги тадбиркорлар юртимизда яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётганликларига яна бир бор гувоҳи бўлдик.
“Дармон-фарм” хусусий корхонаси асосчиси ана шундай ишбилармон тадбиркорлардан бири ҳисобланади.
Қисқа қилиб айтганда, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва маҳсулотни экспортга юбориш каби кўплаб фаолият билан шуғулланувчи тадбиркор Анзур Нормуродов ҳозирги кунларда асосий вақтини далада ўтказмоқда. Сабаби, 500 гектар майдонда ташкил этилган боғда қатор ораларига экилган полиз ва сабзавотлар пишиб етилган. Айни кунда тайёр бўлган табиий тотли маҳсулотлар экспортга жўнатиш арафасида.
- Юртбошимиз вилоятга ташрифи чоғида бизнинг корхонамизга ҳам келган эдилар, - дейди “Дармон-фарм” хусусий корхонаси раҳбари А.Нормуродов, – Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ва қимматли маслаҳатлар бизнинг муваффақиятга эришишимизга асос бўлмоқда. Биргина мисол, шу ойнинг якунига қадар кўп миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган музлаткични тўлиқ ишга туширамиз. Бу ҳам бизнинг имкониятларимизни сезиларли даражада кенгайтиради.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини асосан Россия ва қўшни мамлакатларга экспортга жўнатади. Бу борада божхонада яратилган қулайликлар қўл келиб, божхона расмийлаштирувлари даланинг ўзидан ва куннинг исталган вақтида амалга оширилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5969-сон Фармони мазмун-моҳияти ҳамда божхонада тадбиркорларга яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
22.08.2020