Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Билимлар куни” тантанасида самарқандлик божхоначилар ҳам фаол иштирок этди
2178
“Биринчи қўнғироқ” – боланинг мактабга илк қадам қўйиши ва унинг билим олишга киришишини билдирадиган ўзига хос маросимдир. Бу маросимга ота-она ва боланинг ўзи олдиндан тайёргарлик кўради. Илк бор мактабга борган кичкинтойларда ҳаяжонга бой байрам кайфияти пайдо бўлади.
“Билимлар куни” тантанасида самарқандлик божхоначилар  ҳам фаол иштирок этди

Мамлакатимизда энг улуғ ва азиз байрам – Мустақиллик байрами билан кетма-кет тарзда ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар учун янги ўқув йилининг илк санаси - “Билимлар куни” ҳам кенг нишонланади.

Бугун бутун республикамизда бўлгани каби Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги мактабларда ҳам биринчи қўнғироқ чалинди.

Хусусан, Самарқанд туманидаги 36-умумтаълим мактабида ҳам “Билимлар куни” юқори савияда бўлиб ўтди. Тантанада иштирок этган вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари ўқувчи-ёшлар, устоз ва мураббийларни мустақиллигимизнинг 27 йиллиги ва янги ўқув йили билан қизғин қутлаб, келгусидаги ўқиш ва ишларига муваффақиятлар тилади.

- Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган катта эътибор ва эҳтиромга албатта юксак марраларни забт этиш билан ҳозиржавоб бўлишимиз лозим, - деди бошқарманинг масъул ходими Ғ.Сатторов ўз сўзида.

Тадбирда маҳалла оқсоқолари, фахрий ўқитувчи-мураббийлар ҳам сўзга чиқишиб, мактаб жамоасини мустақиллик байрами ва “Билимлар куни” билан муборакбод этишди. Ўқувчи-ёшларга эса фақат ва фақат аъло баҳоларга ўқиб, Ватанга садоқатли, комил инсон бўлиб камол топишларига ҳамда юрт келажаги ёшлар қўлида эканлигини тўғри тушунтириб, эзгу мақсадга даъват этишди.

Тантанада мактаб директори Т.Абдурашидов барча ўқувчи-ёшларни ва уларнинг ота-оналарига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 15 августдаги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтди.

Шундан сўнг тадбир меҳмонлари 1-синфга қабул қилинган ўқувчи-ёшларни руҳлантириб, уларга Президент совғасини топширишди.

Шунингдек, вилоят божхоначилари шу куни вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидаги ўнлаб мактабларда ўтказилган шу каби тадбирларда фаол иштирок этишди.  

Ҳа, мактабларда ўтказиладиган бундай тадбирлар ўқувчилар учун ўзига xос байрам ҳисобланади. Шу билан бирга бу байрам ўқувчи-ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Эндигина мактаб остонасига қадам қўйган 1-синф ўқувчиларида мактабга меҳр, илм-фанга қизиқиш туйғусини шакллантиради.

Биринчи қўнғироқ тадбирларидан сўнг янги ўқув йилининг илк соатида барча умумтаьлим мактабларида Мустақиллик дарслари ўтказилди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

5.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг