Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқишнинг янги қоидалари белгиланди
4350
Мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан ўзаро ташқи иқтисодий алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиши божхона соҳасига оид ислоҳотларнинг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.
Нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқишнинг янги қоидалари белгиланди

Хусусан, валюта операцияларини ва валюта назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиниши божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсларга бир  қатор қулайликлар яратилишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги 472-сонли қарори билан “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари” тасдиқланди.

Мазкур Қоидаларга кўра қуйидагилар белгиланди:

Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 млн сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағлари (Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва нақд чет эл валютаси) йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади. Йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган маблағларнинг жами суммаси кўрсатилади. Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 70 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин.

Нақд валюта маблағларини олиб кириш

Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда, нақд валюта маблағларини чекланмаган миқдорда олиб киришлари мумкин.

Нақд валюта маблағларини олиб чиқиб кетиш

Жисмоний шахслар эквиваленти 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишлари мумкин.

Фақат қуйидаги шахслар кўрсатилган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини республика ташқарисига олиб чиқиб кетишлари мумкин:

  • резидентлар – хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган Ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;
  • норезидентлар – республикага кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида, шунингдек республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.

 Ушбу қоидалар дипломатик дахлсизликка эга бўлган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд валюта маблағларининг ҳаққоний ва тўғри декларацияланиши учун ҳар бир жисмоний шахс жавобгардир.

Мазкур тартиблар 2020 йил 1 сентябрдан кучга киради.

 

 

 

 

 

22.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг