Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Деҳқонободда калий ўғити экспорти йилдан-йилга ортмоқда
1569
Маълумки, Қашқадарё вилоятида йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатади. Ушбу корхоналар нафақат вилоятда, қолаверса республикамизда ҳам ўз ўрнига эга ишлаб чиқариш объектлари ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудудда нефть-газ, пахта толаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қаторида қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Минерал ўғит асосан, воҳанинг олис Деҳқонобод туманида жойлашган ва Марказий Осиёда ягона бўлган “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонасида тайёрланмоқда. Олинган маълумотларга кўра, корхонада йилига 300 минг тоннадан зиёд калий хлорид минерал ўғити тайёрланиб,  маҳсулотнинг асосий қисми экспортга чиқарилади.

– Деҳқонобод калийли ўғитлар заводимиз 2010 йилдан ўз фаолиятини бошлаган дейди, – заводнинг маркетинг бўлими бошлиғи Хасан Бердиев.
– Ўтган йиллар давомида 1,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулотни чет эллик ҳамкорларимизга етказиб бердик. Маҳсулотимизни асосан жанубий шарқий Осиё ҳамда Хитой, Япония ва Индонезия мамлакатларига экспортга жўнатмоқдамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, корхонанинг ишга тушганига 10 йил тўлди ва ўтган йиллар давомида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар куну-тун ва узлуксиз равишда экспортга расмийлаштириб келинмоқда. Бунда божхонада тадбиркорларга яратилган қулайликлар асқотмоқда. Қолаверса, вилоят божхона бошқармасининг “Деҳқонобод” божхона пункти ходимларининг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва сансалорликларсиз бажараётганликлари эришилган ютуқларда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам корхонада тайёрланган 123 минг тонна калий хлорид минерал ўғити дунёнинг ўндан зиёд давлатларига экспорт қилинди. Ушбу маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришда 932 та божхона юк декларацияларини электрон тарзда божхона расмийлаштируви амалга оширилди.    

Дарҳақиқат, ҳисоб-китобларга кўра корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда. Натижада экспортга ва ички бозорга кўпроқ маҳсулот етказилмоқда. Бу эса четдан кўпроқ валюта келишига ҳамда юртимиз деҳқонлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар доимгидан кўпроқ етиштиришга имкон яратмоқда. 

21.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг