Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда, мамлакатимиз ҳудудига инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсир қилувчи маҳсулотларни кириб келишини олдини олиш, контрафакт товарларга қарши курашишда божхона органларининг роли муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан товар белгилари, саноат намуналарига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш
ва патентларни бериш тартиботларининг шаффофлигини ошириш вазифалари белгилаб берилди.
“Интеллектуал мулк” тушунчаси дастлаб 1967 йил 14 июлдаги “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)ни ташкил этиш тўғрисида”ги Стокгольм конвенциясида илгари сурилган. Мазкур конвенция интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш билан бирга, унинг таркиби, яъни объектларини ҳам аниқлади ҳамда БИМТ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кўрсатиб берди[1].
Бугунги кунда интеллектуал мулкка оид қонунчиликнинг изчил ислоҳ қилинаётгани интеллектуал мулкнинг асосий категориялардан бири сифатида ривожланаётганидан далолат беради. Республикамизда ҳам интеллектуал мулкка оид қонунчилик жорий этилиб, таркибан ва мазмунан йиллар давомида жаҳон стандартларига мос равишда янгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) 1991 йилда аъзо бўлди ва бир қатор халқаро шартномаларга қўшилди. Мамлакатимизда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳуқуқ умумқабул қилинган талаблари миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топди. Хусусан,
-“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”;
-“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”;
-“Селекция ютуқлари тўғрисида”;
-“ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”;
-“Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”;
-“Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Мазкур халқаро шартномалар нормалари миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниб, ушбу соҳада қонунчилик базаси шаклланиб, замон талаблари асносида такомиллаштирилиб борилмоқда.
Ўз навбатида, Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни белгиланган тартибда ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб қелинмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2016 йил 20 январь янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилингунга қадар божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар фақатгина Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган Божхона кодексининг 9-моддаси билан белгиланган тартибда амалга оширилар эди. Унга кўра, давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, маънавият, инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳамда бошқа мамлакатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарларни истеъмол қилувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин деб эътироф этилганди.
Бироқ, бу норма интеллектуал мулк ҳуқуқ эгалари томонидан ўз маҳсулотларини ҳимоя қилиш учун етарли даражада асос сифатида хизмат қила олмас, чунки унда ҳимоя воситаси сифатида аниқ механизм ва тартиб тамойиллар белгиланмаган эди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодексида Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш юзасидан бутун бир боб бағишланган бўлиб, унга асосан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасида божхона органлари томонидан чоралар кўриладиган ва кўрилмайдиган товарлар, интеллектуал мулк объектларини божхона реестрига киритиш, юритиш ва ундан чиқариш бўйича аниқ тартиб ва тамойиллар белгилаб қўйилди.
Божхона кодексининг 56-боби “Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” деб номланган. Мазкур боб 12 та моддани ўз ичида қамраб олган бўлиб, божхона органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чоралари кенг ёритилган.
Хусусан, божхона органлари эндиликда божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туришлари ва тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилишлари мумкин.
Бу эса, энг аввало Ўзбекистонда соғлом савдо муҳитини шаклланишига кўмаклашиб, мавжуд инвестицион муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади, инновацион технологияларни олиб кириш ва инвестицияларни жалб қилишда ёрдамчи восита ролини ўйнайди.
Айни пайтда, Давлат божхона қўмитаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” онлайн электрон шаклда юритилмоқда. Ушбу реестр Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида янгиланиб келинмоқда (http://imo.customs.uz/IMO_REESTR/).
Ҳуқуқ эгаларининг аризаларига асосан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га ҳозирги кунга қадар 250 дан ортиқ товар белгилари киритилган бўлиб, божхона органлари томонидан ҳуқуқий ҳимояга олинган ҳисобланади.
Божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий ҳимояга олиниши, яъни “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га киритиш учун ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Божхона кодексининг 385-моддаси асосида Давлат божхона қўмитасига интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисида ариза топширади.
Ариза келиб тушган кундан эътиборан ДБҚ томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва мазкур реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Мазкур реестрга киритилган интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаси томонидан божхона назорати остида турган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш юзасидан чоралар кўрилиши бўйича ДБҚга мурожаат қилиши мумкин. Божхона назоратида ҳуқуқ эгаси томонидан контрафакт деб кўрсатилган товарлар аниқланса, бундай товарларнинг чиқарилиши тўхтатилади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, божхона органлари томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб борилмоқда.
Лекин, божхона органи фаолиятида интеллектуал мулк ҳуқуқининг бир қисми бўлмиш товар белгиларига бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича муаммоли ҳолат вужудга келмоқда.
Бу муаммоли ҳолатни келтириб чиқарувчи омил “параллел импорт” деб номланиб, мазкур тушунчага халқаро миқёсда ҳуқуқий изоҳ берилмаган.
Халқаро эксперт ва мутахассисларнинг фикрига асосан “параллел импорт” - бу ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳақиқий “асл” товар белгисини маълум бир мамлакат ҳудудига олиб кириш. “Параллел импорт” бир қатор ривожланган давлатларда таъқиқланган, агар интеллектуал мулк эгаси бу ҳолатга қаршилик қилмаса.
Мисол тариқасида “параллел импорт”га тушунча берадиган бўлсак,
бу - АҚШнинг маълум бир корхонаси (интеллектуал мулк эгаси) Ўзбекистон Республикасида унга тегишли бўлган товар белгиларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва уни реализация қилиш бўйича ваколатини маълум бир шахсга (ваколатли вакил) тақдим этади ва ваколатли вакил товар белгисини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланган тартибда ушбу маҳсулот товар белгисини тегишли вазирлик ва идоралардан рўйхатдан ўтказиб, божхона органларига реестрига киритади.
Шу билан бирга, АҚШнинг корхонаси (интеллектуал мулк эгаси) Россия Федерациясида ҳам ўз товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа бир шахсга (ваколатли вакил) беради ва Россиянинг ҳам ваколатли вакили товар белгисини ҳимоя қилиш чораларини кўриш мақсадида тегишли тартиб тамойилларни амалга оширади.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган шахс (АҚШнинг товар белгисидан ваколатли вакил сифатида фойдаланиш ҳуқуқиги эга бўлмаган хусусий тадбиркор, ТИФ қатнашчиси ва х.к.) Россия Федерациясидаги ваколатли вакилидан белгиланган тартибда (шартнома асосида) АҚШнинг товар белгисини сотиб олади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилади.
Бундан хабар топган товар белгисининг Ўзбекистондаги ваколатли вакили Божхона кодексининг 388-моддаси асосида тегишли тартибда божхона органига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.
Божхона органи Божхона кодексининг 389 ва 390-моддалари асосида Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг суд органларига мурожаат қилиши ва суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этиш мақсадида 10 кун муддатга тўхтатиб туради[2].
АҚШнинг Ўзбекистондаги ваколатли вакили товар белгиларига бўлган ҳуқуқи бузилганлиги юзасидан суд идораларига импортёр устидан шикоят арзини киритади.
Божхона органлари 10 кунлик муддат ичида суд идоралари ваколатли вакилдан шикоят аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилиб олганлиги тўғрисида тегишли ҳужжатни олса ёки аксинча олмаса божхона назорати остидаги товарни тегишли режимга мувофиқ чиқариб юборади.
Шундан сўнг, импортер ва ҳуқуқ эгасининг ваколатли вакили ўртасидаги низо суд идоралари қарори асосида ҳал этилади.
Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1107-моддасида белгиланган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 11071-моддасида бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди деб белгиланган[3].
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги Қонунининг 26-моддаси тўртинчи қисмида бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди деб кўрсатилган[4].
Мазкур нормалар асосида суд идоралари томонидан бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди деб қарор қабул қилинмоқда.
Суд идораларининг бу каби қарорлари интеллектуал мулк ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакилининг мутассади идораларга ҳамда божхона органларига нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш йўналишида бўлган ишончини йўқотилишига олиб келмоқда.
Лекин, интеллектуал мулк ҳуқуқи эгаси бўлмаган импортёр ҳам юқоридаги мисол асосида олиб қарайдиган бўлсак, ўз навбатида миллий қонунчилик талабларини бузмаган ҳолда, икки томонлама шартнома асосида интеллектуал мулк ҳуқуқи эгасининг Россиядаги ваколатли вакилидан товарларни сотиб олиб Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмоқда.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасида “параллел импорт” тушунчаси қонуний мустаҳкамлаб қўйилмаган ва уни тақиқловчи ҳамда чекловчи нормалар ҳам мавжуд эмас.
Интеллектуал мулк ҳуқуқини тан олишда интеллектуал мулк ҳуқуқи объектига нисбатан ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан ёхуд давлат, жамоат ташкилоти томонидан эътироф этилади. Барча мутлақ ҳуқуқлар учун тан олиш усули энг асосий ҳимоя усулларидан бири ҳисобланади[5].
Мазкур ҳолат ечими юзасидан тан олиш усулидан келиб чиқиб қуйидагича таклиф билдириш мумкин. Яъни Интеллектуал мулк ҳуқуқ эгаси ўзининг ваколатли вакилини интеллектуал мулк объектини фақат маълум бир ҳудудда реализация қилишига ҳамда интеллектуал мулк объектини маълум бир давлатга экспорт қилишидан аввал импортер давлатда интеллектуал мулк ҳуқуқ эгасининг ваколатли вакили мавжуд бўлса, бу ҳақида импортёрни ҳамда ваколатли вакилни хабардор этиш мажбуриятини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Интеллектуал мулк эгаси ваколатли вакилларга ушбу мажбуриятларни юклай олса, ўз маҳсулотини жаҳон бозорида ҳимоя қилиши, сифат, имидж, брендни сақлаб қолиши ва товар рақобатбардошлигини янада ошириш имкониятига эга бўлади.
Ўз навбатида, учинчи шахс ҳам импортёр давлатда товар белгисидан фойдаланиш бўйича ваколатли вакил мавжудлигидан хабардор бўлади.
Муаммоли ҳолатлар қаторида яна бир масалани кўрсатиб ўтиш лозим. Интеллектуал мулк эгаси ёки унинг ваколатли вакили божхона органларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларининг бузилиши бўйича тегишли тартибда чоралар кўрилмаслиги юзасидан норозичиликлар келиб чиқмоқда.
Бу муаммонинг асосий моҳияти божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектини чиқариб юборишни тўхатиб туриш бўйича чиқарилган қарорлари етарли даражада муҳофаза воситаси эмас, балки интеллектуал мулк объектларини киритишни умуман тақиқлаб қўйишни талаб қилишмоқда.
Халқаро амалиётда ТРИПС Битими ҳамда МДҲ давлатларининг (Арманистон, Украина ва Молдова) божхона қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари мавжуд бўлган товарларга вақтинча чеклов, яъни маълум бир муддатга товарлар чиқиб кетишини тўхтатиб туриши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 24-моддасига асосан Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини, инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, миллий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар халқларининг маданий бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарлар истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин деб кўрсатилган[6].
Шунингдек, ушбу кодекснинг 382-моддасида божхона органлари ўз ваколатлари доирасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини кўриши назарда тутилган.
Божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун божхона органлари:
интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриши;
интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиши мумкин деб белгилаган[7].
Божхона кодексининг 24-моддаси ушбу кодекснинг 382-моддасига номутаносиблиги сабабли 382-моддада интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриши чораси белгилаган бўлиб, мазкур хатти-ҳаракатни тақиқ эмас, аксинча, чеклов деб эътироф этиш мумкин.
Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 24-моддасидан “шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимининг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан буён ўтган қисқа давр ичида интеллектуал мулк ҳуқуқининг муайян объектларини яратиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи қонунлар амал қилмоқда.
Бироқ, мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи нормаларини иқтисодиёт соҳасида самарали тартибга солувчи ҳуқуқ нормаси сифатида реал кучга эга деб бўлмайди. Кўп ҳолларда қонунларга формал муносабатда бўлинади. Бунинг сабабларидан бири интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари ва воситалари тизими шакллантирилмаганлигида, деб айтиш мумкин.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун, фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумий усуллари ва воситаларини интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда қўллаш мумкин бўлган ва қўллаш самарасиз бўлган ҳолларда янги махсус усуллари ва воситаларни ишлаб чиқиб, жорий этмоқ лозим бўлади.
Бу, ўз навбатида, амалдаги қонунларни чуқур таҳлил этиш, уларни қўллаш амалиётини ўрганиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини умумлаштириш бўйича бир қатор ишлар олиб бориш лозим бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, интеллектуал мулк объектларини яратиш, улардан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий муносабатларда иштирок этаётган субъектлар ҳуқуқлари тўла муҳофаза остига олинган бўлиши шарт. Агар бу субъектлар ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинмаса, у ҳолда нафақат субъектив фуқаролик ҳуқуқларига путур этади, балки иқтисодий, ижтимоий ва илмий техника тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Б.Рузиев,
Юридик бошқарма бошлиғи ўринбосари
[1] Тошев Б.Н. Халқаро ташкилотларнинг муаллифлик ҳуқуқига оид актларининг ҳуқуқий мақоми. ю. ф..д.дисс. афтореф. –Т.: ТДЮИ, 2008.-50 б.
[2](Маълумот учун Божхона кодексини 392-моддасига мувофиқ агар ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг сўровига кўра узайтирилиши, лекин кўпи билан ўн иш кунига узайтирилиши мумкин.
Суднинг товарларни олиб қўйиш, хатлаш ёхуд даъвони таъминлашнинг бошқа чораларини қўллаш тўғрисидаги ажрими (қарори) ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатда ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилган тақдирда, товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш суднинг ажримига (қарорига) мувофиқ амалга оширилади).
[3]http//lex.uz/docs/180552
[4] http//lex.uz/docs/24925
[5]З.С.Акрамходжаева Интеллектуал мулк ҳуқуқини фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя қилишни такомиллаштириш муаммолари . Юрид фан.номз.дисс. афтореф. –Т.: ТДЮИ, 2008.-24 б.
[6]Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг (Янги таҳрири): Расмий нашр – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Т.: “Адолат”, 2016 й. 22 б.
[7]Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг (Янги таҳрири): Расмий нашр – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Т.: “Адолат”, 2016 й. 272 б.
17.08.2020