Сирдарёда пандемия шароитида ўз фаолиятини бир зум бўлсада тўхтатмаган корхонлар талайгина. Ана шундай корхоналардан бири Сирдарё туманидаги полипропилен грануласи хомашёсидан қадоқлаш маҳсулотлари (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун қоплар) ишлаб чиқарадиган “Sirdaryo mega lux“ масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонадир.
Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиқиб ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан берилган тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан бошқарма раҳбарияти томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг маъсул ходимлари Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган “Sirdaryo mega lux“ маъсулияти чекланган жамиятига боришиб, карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда учрашув ташкил қилишди.
– Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда қарийб 1 000 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда ўртача 580 минг дона қадоқлаш воситалари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди учрашув давомида жамият раҳбари Мухиддин Норматов, – Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бошқа ишлаб чиқариш корхоналар қаторида бизга ҳам катта имкониятлар яратмоқда, албатта корхона даромади ҳам шунга яраша бўлиб, бу йил ҳам ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Шу билан бирга, корхона ихтиёрида қолган соф фойда ҳисобидан ишчиларга барча қулай шароитлар яратилган бўлиб, 500 ўринга мўлжалланган ошхона, ишчиларни ташиш учун 6 та автобус ажратилган. Ишчиларимиз доимий равишда махсус кийим бош билан таъминланмоқдалар.
Учрашув давомида бошқарманинг маъсул ходимлари томонидан жамият вакилларига божхона қонунчилигидаги янгиликлар, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёз ва қулайликлар, божхона назоратини соддалаштирилиши, шунингдек Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган “Call center” фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамига ҳамда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли “ишонч телефон”ига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
14.08.2020