Жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятига импорт қилинган товарларни таҳлил қиладиган бўлсак унда асосан маиший техника, қурилиш маҳсулотлари, озиқ-овқат, тиббиёт воситалари дори-дармонлар, гигиеник воситалар ва ишлаб чиқариш заводлари техникаларини ташкил этади.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларига четдан келтирилган импорт товарлари учун 234 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Имтиёзлар аҳоли саломатлигини асраш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Жумладан, бугунги кунда вилоятдаги “Амудар” текстил қўшма корхонаси ҳам ипак тола ярим хомашёсини экспорт қилувчи йирик корхона ҳисобланади. Корхонага фаолияти учун хориждан келтирилган технологик асбоб ускуналар учун 2017-2020 йиллар оралиғида божхона тўловларидан 23,7 миллиард сўмлик имтиёз қўлланилган. Ҳозирда мазкур корхонада 400 га яқин фуқаролар иш билан таъминланган бўлиб, корхона пандемия шароитида ҳам жорий йилнинг ўтган даврида хорижий давлатларга қарийб 5 миллион АҚШ долларлик экспортни амалга оширди. Эндиликда мазкур корхонада янги лойиҳа қад ростламоқда, яъни тайёр кийим-кечак маҳсулотларини тайёрлашга мўлжалланган тикув фабрикаси бунёд этилмоқда. Бу эса, ташкилот экспортини янги даражага кўтариб тайёр маҳсулотларни қарийб 4 баробарга юқори нархда хорижга чиқаришини имконини беради. Шунингдек, ушбу тикув фабрикасида янги 1000 кишилик ишчи ўрни ташкил қилиниб, ишсиз фуқаролар иш билан таъминланади.
Мазкур ишлаб чиқариш объектида божхона ходимлари тадбиркорлар билан бўлган мулоқотлари чоғида ҳам корхона истиқболи, унда мавжуд муаммолар ва божхона соҳасига оид янгиликлар борасида сўз юритилиб, божхона органлари тадбиркорларга ўз ваколат доираларида доим амалий кўмак беришга тайёрлиги борасида сўз юритилди.
Умуман олганда, берилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, аҳоли саломатлигини асраш, янги иш ўринларини яратиш, фуқароларимизнинг озиқ–овқатга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқаролиги ҳамда тадбиркорлар фаолияти барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.
14.08.2020