Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 246-моддасига кўра, дори воситалари, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек, дори воситаларини, тиббиёт буюмларни ишлаб чиқариш учун қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхат бўйича хом ашёларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшимча қиймат солиғидан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Бунда, ушбу имтиёз Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ҳам ишлаб чиқариладиган тайёр дори воситалари ва тиббиёт буюмларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумки, коронавирус пандемияси даврида дунё бўйлаб сунъий нафас олдириш ускуналарига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Айниқса, аҳволи оғирлашган беморлар учун кислород концентраторлари жуда муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли, бу турдаги товарларни тадбиркорлар томонидан республикамизга ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, озон, кислород ва аэрозол терапияси учун сунъий нафас олиш ёки бошқа терапевтик нафас олдириш аппаратларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғидан озод қилинган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 449-сонли қарорига асосан 84 турдаги тиббий буюмлар ва техникалар, шу жумладан, ўпкани сунъий нафас олдириш аппарати, кислород концентраторлари, пульс оксиметрлари импорт қилинганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштируви амалга оширилади ва реализация қилинади.
Мазкур имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан вилоятимизга сўнгги 10 кун давомида 168 дона кислород концентраторлари, 25 минг дона пульс оксиметрлар хориждан келтирилиб, мазкур тиббий жиҳозлар келтирилган куннинг ўзидаёқ соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қарор билан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши, яъни экспорт қилиш 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилган.
Бунда, айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлигининг кўшма хулосаси асосида рухсат берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари (стоматология ва косметология асбоб-ускуналаридан ташқари) 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.
Вилоятимизга жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида аҳолининг бирламчи ва зарурий дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар талабига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан қиймати 52,3 миллион АҚШ долларлик, оғирлиги 2 400 тонна дори воситалари хориждан импорт қилинган.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан дори воситалари ҳамда тиббий буюмларга амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ, 72,2 миллард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган ҳамда мазкур товарлар божхона органлари фаолиятига жорий қилинган “Хавфни бошқариш тизими” орқали асосан “яшил” йўлакларда расмийлаштирилган бўлиб, божхона расмийлаштирувига ўртача 1-1,5 соатгача вақт сарфланган.
Пандемия шароитига қарамасдан божхона ходимлари томонидан нафақат дори-дармон ва тиббий буюмлар расмийлаштируви, балки аҳоли эхтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва халқ хўжалиги маҳсулотлари импорти, шунингдек, юртимизда тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар экспорти божхона расмийлаштируви кечаю-кундуз, тезкор равишда ҳамда соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи ўринбосари
14.08.2020