Республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатларда эса мазкур имтиёзни суистеъмол қилишга бўлган уринишларнинг олди олинди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида фуқаро Н.Б. номига хориждан келтирилган “KIA BONGO III” русумли юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, автотранспорт воситасининг музлатгичли юкхонаси эски ва умуман ишламаслиги, ёқилғи қуйиш баки янги ўрнатилганлиги, двигател ва ёқилғи баки бир-бирига умуман уланмаганлиги, ҳужжатларда автотранспорт дизелда ҳаракатланиши кўрсатилган бўлса-да, ундаги двигатель бензин ва газда ҳаракатланиши аниқланди.
Божхона кўриги давомида маълум бўлишича, фуқаро Н.Б. божхона органларига нотўғри маълумотларни тақдим этиш орқали салкам 230 млн. сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланишни кўзлаган экан.
Мазкур ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автотранспорт воситаси вақтинча сақловга олинди.
Шу каби ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳам фош этилди.
“Тўрткўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тумандаги маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган 3 та “Howo” русумли юк автотранспорт воситалари эксперт-криминалистика текширувларидан ўтказилганида, ушбу юк машиналари ҳужжатларда кўрсатилганидек, 2019 йилда эмас, балки 2014-2015 йилларда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.
Шу тариқа ўртача бозор нархи 1 млрд. 345 млн. сўмни ташкил қилувчи мазкур транспорт воситаларини божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишга чек қўйилди ҳамда уларга нисбатан салкам 650 млн. сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳолат юзасидан фуқарорлар Н.У. ва А.У. га нисбатан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
13.08.2020