Ушбу иллатга қарши курашиш борасида юртимизда қабул қилинган халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан бирга, коррупция ва жиноятчиликка карши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган миллий ҳуқуқий база ва тизимли амалиёт шаклланган.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашиш борасида божхона органларида ҳам муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Масалан, тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида 69-234-33-01 рақамли “Ишонч телефони” тизими фаолият олиб бормоқда. Бу эса жисмоний ёки юридик шахслар божхона органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳамда содир этилган ҳамда содир этилаётган жиноятлар ҳақидаги хабар ва маълумотларни ариза ёки шикоятлар кўринишида тақдим этиш имконини беради.
Бошқарма томонидан жойларда коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда тадбиркорлар ҳамда фуқаролар билан семинарлар, матбуот анжуманлари ва очиқ мулоқотлар ташкил қилиниб, тадбирларда ушбу йўналишга тегишли аноним сўровномалар ўтказилиб бу бўйича таҳлил қилиб борилмоқда. Шахсий таркиб орасида тамагирлик, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар ва оила аъзолари билан индувидуал ҳамда жамоа тарзда профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари бошқарма ва божхона постларида ДБҚнинг 11-08 “Ишонч телефони” акс эттирилган антикоррупцион мазмундаги электрон таблолар ҳамда фуқароларнинг ариза, шикояти ҳамда таклифларини қабул қилиш мақсадида “Ишонч қутилари” ҳам ташкил этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг таг замирида халқимизнинг фаровон ҳаёти турибди. Шундай экан бизнинг жамиятда бу каби жирканч иллатга ўрин бермаслик лозим. Бунинг учун барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз керак.
13.08.2020