Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу ўринда ISO 37001:2016 яъни “Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари – фойдаланиш учун талаблар ва тавсиялар” халқаро стандартига тўхталиб ўтсак.
Бу стандарт ташкилотларда коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, қўллаб-қувватлаш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун талабларни белгилайди.
Ушбу стандарт бўйича бошқарув тизимини жорий этиш:
-маъмурий тартиб-таомиллар, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат харидларини амалга оширишда коррупция фактлари тўғрисида маълумот олишга;
-давлат идораларида марказий аппарат ва ҳудудий тузилмалар кесимида коррупция ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга;
-давлат идоралари, тармоқлар, ҳудудлар ва коррупция турлари кесимида коррупция ҳолати ва тенденциялари мониторингини амалга оширишга;
-фуқароларнинг, ходимларнинг мурожаатлари бўйича ягона тизим ва маълумотлар базасини яратиш, шунингдек давлат хизматида коррупцияга қарши ўқитиш ва ҳалоллик бўйича ходимлар малакасини оширишга хизмат қилади.
ISO 37001:2016 стандарти Малайзия ҳукумати томонидан жорий қилинган. “Microsoft” компанияси ушбу сертификатга эга.
Давлат органи ва бошқа ҳар қандай ташкилот ISO 37001:2016 сертификатини олиш орқали давлат идоралари ва бошқа манфаатдор шахсларга ҳамда ўзининг шерикларига коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф қилиш учун зарур бўлган барча чораларни халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошираётганини намойиш қилиши мумкин бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш борасида миллий ва халқаро стандарт талабларидан фойдаланган ҳолда амалий чораларни қўллаш албатта ўз самарасини беради.
13.08.2020