Мазкур вазифаларни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя этилиши ва мазкур турдаги қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 5 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди.
Ушбу Низом, асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартибини белгилайди.
Дейлик, хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистон Республикасига кириш божхона пости орқали тегишли мажбуриятномани тўлдирган ҳолда тўқсон календарь кундан ошмаган муддатда ҳаракатланиш учун вақтинчалик киритилди.
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирилигидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатга олинган қарор билан тасдиқланган низомнинг 15-бандига асосан, хорижий автотранспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги лозим, халқаро юк ва йўловчи ташишда қўлланиладиган автотранспорт воситаси бундан мустасно. Белгиланган йиғимни тўлаган ҳолда хорижий автотранспорт воситасини ушбу муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.
Шу вақт оралиғида хорижий автотранспорт воситаси билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланди. Лекин хорижий автотранспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси содир этилган қоидабузарлик учун жарамаларни тўламасдан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетган. Бу ҳолат эса йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тегишли жарималарни ўз вақтида тўланмаслигига олиб келиши мумкин эди.
Эндиликда, мазкур низом асосида бу каби ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда божхона хизмати органлари ҳамда ички ишлар органлари томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган қатор чора-тадбирларнинг ҳуқуқий базаси яратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан тегишли жарималар ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан ички ишлар органлари онлайн режимда тақдим этган маълумотлар асосида ундирилади.
Божхона органлари хорижий автотранспорт воситаси ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни ундиришда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасидан Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор асос бўлади.
Айтиш лозимки, ички ишлар органининг жарима солиш тўғрисидаги қарори, божхона органлари томонидан онлайн режимда тақдим этилган “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома” маълумотлари асосида реал вақтда автоматик шаклланади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима, Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган миқдорда хорижий автотранспорт воситаси эгаси, ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан ундирилиши таъминланади.
Жаримани тўлаш шакли жудаям оддий ва содда, яъни, йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахс жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган жарима суммасини чегара божхона постидаги банк кассалари ёки электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлайди.
Агар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган тақдирда, божхона хизмати органи ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда автотранспорт воситаларини ушбу жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар тегишли шаклдаги далолатнома асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддасида белгиланган тартибда вақтинча сақловга олади.
Изоҳ:Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддасига асосан транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар амалга оширилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган автотранспорт воситаси белгиланадиган жойларда 60 календарь куни сақланади. Жарима суммаси 60 календарь куни ичида тўланмаган тақдирда, тўланмаган қарздорлик суммасини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ижро ва суд органлари билан ҳамкорликда транспорт воситаси ҳисобидан ундириш чоралари кўрилади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
АЗАМАТЖОН ЎРИНБОЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси бош инспектори
МУНИС ХАЛИЛОВА,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси катта инспектори
12.08.2020