Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат дастурига мувофиқ қонунчилик палатаси депутатлари божхона фаолиятини ўрганди
1561
Жорий йилнинг 7 август куни куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг “Давлат божхона қўмитаси томонидан «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат Дастурида белгиланган вазифалар ижроси”га бағишланган видеоконфереция шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат дастурига мувофиқ қонунчилик палатаси депутатлари божхона фаолиятини ўрганди

Йиғилишда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Давлат дастурининг тегишли бандларида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолияти  ҳамда  божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолатини ўрганиш, бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, божхона фаолиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Йиғилишда Давлат Дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси масъулларининг батафсил ахборотлари тингланди.

Жумладан, божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини оширишга оид ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш хамда халқаро стандартлар ва тамойиллар билан божхона қонунчилигини унификациялаш учун  2020-2024 йилларда 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгилаб олинган.     

  Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатида тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётгани, коррупциянинг оқибатлари билан  курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз кераклиги таъкидланган эди.  «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизимини автомобиль чегара божхона постларида жорий этиш, темир йўл транспортида ташилаётган товарлар бўйича юридик шахслар, вагон, контейнер, ҳаракатланиш ҳудуди ёки сақланаётган (тўхтаб турган) темир йўл станцияси тўғрисида электрон маълумотларни божхона органига реал вақт режимида тақдим этиш амалиётининг йўлга қўйилиши соҳадаги коррупцион холатларга барҳам берилишига хизмат қилади.

 Дастур ижроси доирасида божхона постларида божхона, ветеринария, фитосанитария, санитария-карантин органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва мувофиқлаштириш, чегарада логистика марказлари ва мультимодал комплексларни ташкил этиш орқали товарларни тўғридан-тўғри республиканинг божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида олиб чиқиш имкониятини яратиш юзасидан аниқ чоралар амалга оширилмоқда.

 Натижада «ягона дарча» божхона ахборот тизимидан самарали фойдаланиш, фаолияти хамда тақдим этилувчи рухсатномалар рўйхати янада кенгайтирилади.

Тадбиркорлар ДБҚнинг расмий веб сайтидаги “Ўзбекистондан экспорт қилинган товарлар тўғрисида маълумот” интерактив хизмати орқали ўзларига керакли маълумотларни уйидан туриб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Бундан ташқари, ДБҚ томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда ташқи савдо юклари ортилган темир йўл таркибидаги вагон ва контейнерларнинг ички ҳудудлардаги ҳаракати, улар турган темир йўл станцияси тўғрисида электрон маълумотларни божхона органига реал вақт режимида мавжуд ахборот тармоғи орқали тақдим этиш тизими жорий этилмоқда.

Дастур ижроси доирасида чегара божхона постларини замонавий технологиялар билан босқичма-босқич таъминлаш амалга оширилиб,  чегара ўтказиш пунктлари 2 дона инспекцион кўрик мажмуаси, 15 та инсон танасини сканер қилувчи қурилма, 4 та портал монитор, 15 дона автотарозилар, 85 дона металлизлагич, 52 дона тепловизор, 20 та тиббиёт хоналари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланган. Бу ўз навбатида  чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг божхона назорати ҳамда расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, унга сарфланадиган вақтни янада қисқартириш имконини берди.

Давлат Дастурида ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш йўналишида айрим камчиликлар мавжудлиги ҳам таъкидланди.

Хусусан, депутатлар томонидан божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш борасида белгиланган вазифаларнинг айрим бандлари ижроси бўйича танқидий фикрлар билдирилди.

Мажлис  якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Давлат Дастурида белгиланган вазифаларни  ўз вақтида ва самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда  соҳада парламент назоратини тизимли равишда давом эттириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси

11.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг