Коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. У демократик ва хуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Бугун катта-ю кичик, бой ва камбағал, қудратли ва кучсиз бирорта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти бу офат туфайли йилига 1.5-2.6 трлн долларгача зарар кўрмоқда.
Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имиджини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам Коррупция жамиятимиз ривожига ғов бўлаётган энг катта иллат эканлигини баён этиб, қуйидаги сўзларни жумладан, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”– деб таъкидлаган эдилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Натижада жамият пароканда бўлади.
Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро бу иллатдан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши керакдир.
7.08.2020