Божхона бошқармаси тасарруфидаги жами 3 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан йил бошидан 12546 та божхона юк декларациялари тегишли божхона режимларига расмийлаштирилган.
Дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси сабаб умумий ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларининг ўтган йилга нисбатан камайганлиги кузатилса-да, мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларнинг дунё бозорларини забт этиш даражаси сезиларли ортгани эътиборга лойиқдир. Хусусан, йил бошидан экспорт божхона режимларига расмийлаштирилган БЮДларнинг умумий БЮДлардаги улуши 72,7 фоизини ташкил этиши (ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 47,7 фоизига тенг бўлган) мамлакатимизда экспорт салоҳиятни ошириш ва импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижаси десак, муболаға бўлмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси экспорт салоҳиятининг 70 фоизидан ортиқ қисми “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган полимер маҳсулоти ҳиссасига тўғри келади. Бу рўйхатни эса калава ип, кимё саноати маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари, пахта толаси, тирик ҳайвонлар ва уларнинг қисмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавот маҳсулотлари давом эттиради.
Маҳсулотлар асосан Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Тожикистон, Украина, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон каби бир қатор давлатларга экспорт қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ҳисобот даврига олинган 2020 йил январь-июль ойлари давомида импорт қилинган товарлар ҳисобига божхона тўловларидан давлат бюджетига 124 млрд. 261 млн. сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилди.
7.08.2020