Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Оқдарёда экспортчи корхоналар кўпаймоқда
1453
Оқдарё туманида бугунги кунда 300 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудда инвестициявий дастурларни рўёбга чиқариш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудни комплекс юксалтириш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг жорий қилинмоқда.
Оқдарёда экспортчи корхоналар кўпаймоқда

Туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастур доирасида қиймати 476 миллиард 620 миллион сўмлик 60 та лойиҳа бўйича 1016 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Унинг ижроси доирасида 2020 йилнинг ўтган олти ойи давомида 82 миллиард 600 миллион сўмлик 17 та лойиҳа ишга туширилди ва 155 та иш ўрни яратилди.

Ўтган йили 26 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Бу кўрсаткич олдинги йилга қараганда 13 миллион АҚШ долларига кўп. Жорий йилдаги мўлжал уни 30 миллион АҚШ долларига етказишдир.

Ўтган йили туман иқтисодиётига 6 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритилган бўлса, жорий йил дастури бўйича бу кўрсаткич 12 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида 18,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган.

Туманда кейинги йилларда хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда самарасиз ҳисобланган 13 гектар майдонда кичик агросаноат зонаси ташкил этилиб, гидропоника усулида ишлайдиган йирик иссиқхоналар ишга туширилди. Тадбиркорлар томонидан ўтган йили ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги помидор, бодринг, булғор қалампири хорижга экспорт қилинди.

Бундан ташқари туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июлдаги «Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳам қатор ишларга қўл урилди.

Хусусан, Даҳбед маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4 гектар ерда «Даҳбед» кичик саноат зонаси ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу ерда 8 та истиқболли лойиҳа жойлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари бошлаб юборилди. Эътиборли жиҳати, тайёрланаётган маҳсулотларнинг 50 фоизи хорижга йўналтирилмоқда.

«Sam vel tekstil» корхонасида ишлаб чиқарилаётган вельвет матоси бозоргир ҳисобланади. Зеро, бозор иқтисодиёти шароитида бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш иқтисодиётни мустаҳкамлаш, корхоналарнинг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим ўринни эгаллайди.

Дарҳақиқат, туманда «Sam vel tekstil» корхонасининг ишга туширилиши бу йўлда ташланган муҳим қадам бўлди. Лойиҳа қиймати 1 миллион 200 минг АҚШ доллари бўлган мазкур кичик корхонада 20 та янги иш ўрни яратилиб, вельвет матоларидан суткасига 200 погонаметр кўрпача ва ёстиқ жилдлари тайёрланмоқда.

Корхонада Бельгиядан келтирилган иккита замонавий тўқиш дастгоҳи ўрнатилган бўлиб, барча ишлар тўлиқ автоматлаштирилган. Компьютерга киритилган буюртма дастур лойиҳаси асосида тўқиш дастгоҳига ўрнатилади ҳамда махсус табло орқали бошқарилади.

Албатта, туманда маҳаллийлаштириш дастури бўйича вельвет маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш импорт ўрнини камайтириш билан бирга уни хорижга экспорт қилиш имкониятини ҳам бермоқда.

Ҳа, давлатимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали жаҳон бозорини эгалайдиган маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган  корхоналарга хориждан келтирилган асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан бир қатор имтиёзлар берган эди. Бугун эса биргина Оқдарё тумани мисолида мазкур енгилликлар иқтисодиётимизнинг равнақ топишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

7.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг