Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, – бу иллат мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозигача юз тутишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай хавфли қилмиш давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, коррупциянинг энг кўп тарқалган шакли бу маиший коррупция ҳисобланади. Чунки аксарият ҳолларда у инсонлар томонидан иллат сифатида эмас балки ишни тез битириш воситаси сифатида қаралади.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига аъзо бўлиниши, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, шунингдек, бир нечта норматив актларни ишлаб чиқилиши ватанимизда бу борадаги амалга оширилаётган ишларнинг долзарб аҳамият касб этишини англатади.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли фармони ҳам фикримизни яққол далили.
Мазкур фармон билан “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” ташкил этилди ва ушбу агентликка бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар юкланиши билан бирга асосий йўналишлар ҳам белгилаб берилди.
Эътиборли жиҳати, эндиликда ушбу агентлик томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаштиради ва давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширилади.
Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Пандемия шароити сабабли шахсий таркибни жамлаш ва хизмат йиғилишлари ўтказиш имкони мавжуд бўлмаганлиги сабабли тегишли бўлимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда ҳар бир ходим билан индивидуал суҳбатлар ўтказилмоқда.
Суҳбат ўтказилиши жараёнида ходимларнинг оилавий аҳволи ва мавжуд муаммолари билан танишилиб керакли маслаҳатлар ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилиб, хизмат давомида дуч келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатлар тўғрисида маълумотлар берилмоқда. Шу билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва фуқаролар билан суҳбатлашиб, таклиф ва мурожаатларини эшитиш асносида уларга коррупцияга қарши курашда фақатгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш ёки жамоатчилик ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш етарли эмаслигини, қўшимча равишда ҳар бир шахс ўзининг иймон-эътиқодига, ҳаётда мустаҳкам позициясига эга бўлиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтирсагина коррупцияга қарши том маънода самарали кураш олиб бориш мумкин эканлиги айтиб ўтилмоқда.
Шу муносабат билан, фуқаролардан божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
7.08.2020