Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жаҳон бозорларида қизилмия илдизи экстрактига талаб ортмоқда
1847
Бугунги кунда мамлакатимизда жорий этилган карантин шароитида ҳам, тадбиркорлик субъектлари томонидан барча карантин чораларига қатъий амал қилинган ҳолда ишлар тўлиқ ҳажмда ташкил этилмоқда.
Жаҳон бозорларида қизилмия  илдизи экстрактига талаб ортмоқда

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритувчи экспортёр корхоналар томонидан мамлакатимиз ҳудудида етиштирилган, ишлаб чиқарилган ва қайта ишланган маҳсулотларнинг Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Бангладеш, Тожикистон, Афғонистон каби бир қатор давлатларга экспорти амалга оширилмоқда.

Ҳудудда етиштириладиган  ўзига хос ноёб маҳсулотлардан бири қизилмия илдизи бўлиб, бугунги кунда мазкур маҳсулотни жаҳон стандартларига жавоб берувчи ускуналар ёрдамида қайта ишлаш натижасида олинаётган “экстракт “ дунё бозорларида харидоргирлиги ҳамда хомашёга нисбатан ярим тайёр маҳсулотнинг қиймати анча юқорилиги билан мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ўсишида катта омил бўлмоқда.

Маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига олиб чиқилишида божхона хизмати органлари тадбиркорлик субъектларига яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб, таянч бўлмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” Ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Кегейли туманида жойлашган қизилмия экстракти экспорти билан шуғулланувчи  “LANKOMIYA” қўшма корхонасида бўлиб, тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ўтган йиллар давомида жаҳон андозаларига мос энг илғор ускуналарнинг олиб кирилишида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан  божхона тўловларидан биргина 2019 йил давомида жами 1 млрд 859 миллион 248 минг сўм миқдорида имтиёзлар тақдим этилди.

Берилган имтиёзлар оқилона фойдаланган ушбу корхона тез фурсатларда қорақалпоқ заминида етиштириладиган ва ўсиб чиқадиган қизилмия илдизини йиғиш ва уни қайта ишлаш билан фаолиятини йўлга қўйиб, 320та маҳаллий аҳолининг доимий иш ўрни билан таъминланишига шароит яратди.

– Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар ҳамда божхона органлари томонидан кўрсатилаётган амалий кўмаклар биз тадбиркорларга ўз фаолиятимизни самарали амалга оширишимизда катта туртки бўлмоқда, – дейди корхонанинг ташқи ишлар бўйича масъул ходими Омирбай Сарсенбаев, – Қизилмия илдизидан табобат ва косметологияда кенг қўлланиладиган  экстракт ишлаб чиқариб, дунё бозорларига экспорт қилишни йўлга қўйганмиз. Яримтайёр маҳсулотларнинг экспортини амалга оширишда божхона расмийлаштирув жараёнлари қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда. Йил бошидан ушбу кунга қадар 4 млн 313минг АҚШ доллари миқдоридаги 881 тонна “қизилмия экстракти” маҳсулотининг АҚШ ва Хитой давлатларига экспорти амалга оширилди.

Албатта, ҳозирги шароитда тадбиркорлар, айниқса, эспортёр корхоналар иқтисодиётнинг асосий таянчи ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама яратилган шароит ва тақдим этилаётган имтиёзлар давлатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

 

 

 

 

6.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг